Ўзбекистон Марказий банки «Газета.uz» сўровига кўра, номинал қиймати 200 минг сўм бўлган банкнотани 2024 йилга мўлжалланган бўлса-да, 15 июлдан муомалага чиқариш тўғрисидаги қарори бўйича тушунтириш берди.

Регулятор маълумотларига кўра, юқори номиналдаги банкнотларни муомалага чиқаришдан мақсад нақд пул билан тўловни осонлаштиришдан иборатдир.

«Жаҳон тажрибасида соҳа мутахассисларининг тавсияларига кўра, энг катта номиналдаги банкнотларнинг жами муомаладаги нақд пуллардаги салмоғи 50 фоизга яқинлашганда каттароқ номиналдаги банкнотни муомалага чиқариш чораларини кўриш лозим», — дея қайд этди МБ.

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йил 1 июль ҳолатига 100 минг сўмлик банкнотларнинг жами муомаладаги нақд пуллардаги салмоғи йил бошидаги 34,8%дан 43,4% фоизга кўтарилган.

«Иқтисодиёт кенгайиши ортидан нақд пул айланмаси, муомаладаги нақд пуллар ҳажмининг ошганлиги ва ўсиш динамикасининг давом этаётганлиги 200 минг сўмлик банкнотни муомалага чиқариш жараёнини тезлаштириш заруриятини юзага келтирди», — дея тушунтириш берди Марказий банк.

Молиячи Отабек Бакировнинг қайд этишича, пул массасининг ўсишига иқтисодий фаолликдан ҳам кўра ташқаридан хорижий валюта оқимининг ҳаддан зиёд ошгани кўпроқ таъсир кўрсатмоқда.

«Регуляторнинг ортиқча валюта оқимини сотиб олиши биринчи навбатда нақд пуллар қолдиғига таъсир ўтказаяпти. Буни пул агрегатлари компонентлари ичида нақд пуллар қолдиғи энг юқори суръатда ўсаётганидан ҳам кўриш мумкин. Иккинчидан, пул массасининг ўсиши ЯИМ номинал ўсишини анча ортда қолдирмоқда. Бу хавотирли, чунки инфляциянинг монетар сабабларини қўзғатиб юбориши мумкин. Тез ўсаётган пул массасини иқтисодиёт тўлиқ ўзлаштира олаёптими ёки йўқ, фақат вақт ўтгандан кейингина, нарх оқибатларда кўриш мумкин бўлади», -деб ёзди у.

«Газета.uz» апрель ва май ойларида Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўйича рекорд кўрсаткич қайд этилгани ҳақида хабар берган эди. Апрель ойида меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга рекорд даражадаги 1,07 млрд доллар жўнатди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп, май ойидаги рекорд — 1,65 млрд доллар (+2,7 марта) бўлди.

Шу фонда май ойи бошида банкоматлардан нақд пул олиш билан боғлиқ муаммолар қайд этилган эди. Марказий банк узилишларни нақд пулга талаб ортиши ва логистика муаммолари билан изоҳлади, бу эса регуляторни қўшимча пул муомаласини уч баравар оширишга мажбур қилди.

Марказий банк янги банкнотнинг дизайни ва унинг муомалага чиқарилиши Сенатнинг 5 июлдаги қарори билан тасдиқланганини қайд этди. Парламентнинг юқори палатаси ҳужжатни 14 июль куни ОАВда банкнотнинг муомалага чиқарилишига Сенат томонидан маъқуллангани ёки йўқлиги ҳақидаги саволлар туғилгандан сўнг эълон қилди.