Ўзбекистонда 2024 йилда 200 минг сўмлик купюраларни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пайшанба кунги матбуот анжуманида Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.

«Биз ягона тизим орқали яхши ҳимояланган банкноталаримизнинг иккинчи сериясини чиқаришни бошладик. Ҳозир 100 минг сўмгача бўлган [янгиланган] купюраларни чиқардик. Нақд пул муомаласини ташкил қилишда маълум бир ўзини қонуниятлари бор. Бу қонуниятлар мамлакатда шаклланган ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб, банкларнинг банкнота структураси белгиланади. Биз шундан келиб чиққан ҳолда келгусида 200 минг сўмлик пулни ҳам чиқаришни режалаштирганмиз», — деди МБ раиси.

Унинг сўзларига кўра, бу билан «муомаладаги нақд пулларни оптималлаштириш жараёни» амалга оширилмоқда.

«Мақсадимиз — банкноталарни структурасини ўзгартириб бориб, нақд пулни одамлар учун қулай тўлов воситасига айлантириш. Шу сабабли бу ишимиз кейинчалик ҳам давом этади», — деди Мамаризо Нурмуратов.


Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йилда муомаладаги нақд пуллар таркибида асосан йирик номиналдаги банкнотлар салмоғининг ошиши ҳисобига банкнотлар умумий сони сезиларли даражада камайди.

Жумладан, 2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори бўйича 100 000 сўмлик банкнотлар улуши — 27,3 фоиздан 34,8 фоизга етган бўлса, 50 000 сўмликнинг улуши — 38,8 фоиздан 34,2 фоизга, 10 000 сўмликнинг улуши — 15,7 фоиздан 14,5 фоизга, 5 000 сўмлик — 16,1 фоиздан 12,7 фоизга, 1 000 сўмгача — 2,1 фоиздан 1,4 фоизга тушди.

Шунингдек, 2 000 сўмлик (0,3 фоиз) ва 20 000 сўмлик (2,1 фоиз) намунадаги банкнотлар муомалага киритилди. Бунинг натижасида, муомалага чиқарилган банкнотлар сони 492,4 млн. донага ёки 18 фоизга камайди.