Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент ва Сирдарёда ўзининг фарзандини сотишга уринган аёллар ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи (1994 й.т.) А.Ш. 15 июнь куни туғилган фарзандини 35 минг АҚШ долларига сотиб, келгусида болани қайтариб олиш учун даъво қилмаслик бўйича тилхат ёзиб берган вақтида ушланди. Шунингдек, унинг мазкур ноқонуний ҳаракатини амалга оширишида ёрдам бергани учун 200 АҚШ доллари олган туғруқхона шифокори ҳам қўлга олинди.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Боёвут туманида кузатилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тезкор тадбирда 1993 й.т. Х.Д. ўзининг 2018 й.т. ўғлини 16 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушлади, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, июнь ойи ўрталарида Гулистон шаҳрида 26 ёшли аёл ўзининг 1 ёшли фарзандини 15 минг доллар эвазига сотаётган вақтида ушлангани ҳақида ёзгандик.