28 июнь куни Самарқанд вилояти прокуратураси вилоятдаги маҳаллалардан бирида яшовчи келин ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарларга муносабат билдириб, ҳолат Бош прокуратура назоратига олинганини маълум қилганди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Самарқандда 29 ёшли аёл уксус кислотасидан заҳарланиб, вафот этганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганини таъкидлади.

Самарқанд вилоят прокуратурасининг аниқланишича, 2022 йил 24 июнь куни Самарқанд шаҳри «Боғбонлар» маҳалласи Янгравот кўчасида яшовчи (1993 й.т.) Н.М. «уксус кислотасидан ўткир заҳарланиш» ташхиси билан РШТЁМ Самарқанд филиали хирургия бўлимига ётқизилган. 2022 йил 27 июнь куни Н.М.га кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан жонлантириш бўлимида вафот этган.

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд филиали бўлим мудири Шерзод Мўминовнинг «Дарё»га маълум қилишича, аёл аҳволи оғир ҳолда шифохонага келган. Текширилганда унинг ошқозонида уксус борлиги аниқланган. Беморнинг ошқозони ювилаётганда қон орқали суюқлик чиқа бошлаган. Сийдик пуфагидан эса қўнғир рангда суюқлик чиққан.

«Уксус билан заҳарланганда қонда гемолиз чиқади ҳамда ошқозон, оғиз бўшлиғи, қизил ўнгачнинг шиллиқ қаватлари куйиши кузатилади. Минимал ўлимга олиб келадиган доза 30 миллиграмм ҳисобланади. Бемор қанча миқдорда уксус ичгани аниқ эмас. Шунингдек, уйда қанча вақт давомида қолиб кетгани ҳам номаълум. Беморга уч кун давомида ёрдам кўрсатилди. Заҳарланишнинг ўта оғир даражаси бўлгани сабаб икки кун давомида қонда гемолиз кузатилди. Учинчи кундан бошлаб беморда ўткир жигар ва буйрак етишмовчилиги содир бўлди. 27 июнда сийдик тўхтатилиши кузатилди. Қон босими меъёрида турмади. Ўтказилган тиббий муолажаларга қарамасдан беморда биологик ўлим қайд этилди», — дейди Шерзод Мўминов.

«Боғбонлар» МФЙ раиси Вали Қодиров тўққиз йиллик фаолияти давомида фақатгина мана шу оилада бўлган иккита нохуш воқеа шов-шувга сабаб бўлганини сўзлаб берган. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатнинг юзага келишига марҳумнинг қайнонаси сабабчи бўлган бўлиши мумкин, чунки марҳуманинг турмуш ўртоғи жуда оғир табиат ва аёлига яхши муносабат қилган.

«Боғбонлар» МФЙ раисининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси Лола Аҳмедова марҳуманинг онаси билан гаплашганини айтди. У куёви яхши эканини, шифохонада кўп харажат қилишгани, кўп қон қуйилишига қарамасдан қизи вафот этганини сўзлаган.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова қўшнилар билан гаплашганида марҳуманинг қайнонаси ҳақида ёмон фикрлар билдирилгани айтилмоқда.

Қўшниларнинг сўзларига кўра, марҳума қайнонасининг қаттиққўллиги сабабли қийин аҳволга тушиб қолган бўлиши мумкин.

«Раҳматли Нилуфар иккинчи аёл бўлиб турмушга чиққанди. Турмуш ўртоғининг биринчи аёли ҳам 2018 йил ўз жонига қасд қилиб, вафот этганди», — дейди қўшнилардан бири.

Қўшниларнинг қўшимча қилишича, хонадоннинг икки келини ҳам жуда ақлли, муомалали, меҳнаткаш бўлган. Келинлар доим уй ишлари билан банд бўлган. Улар умуман кўчага чиқмаган. Икки келинга ҳам қайнона зулм кўрсатиб келган.

«Бу қайнона бир эмас, иккинчи келинининг ҳам ‘бошини еди'. Жазосини олиш керак. Ҳеч кимга қулоқ солмайди. Бу зўр. Бундан кучли одам йўқ. Истаган одамини ҳақорат қилади. Маҳаллада бунга гапирадиган одам йўқ. Аёл жуда ўткир. Унга ҳеч ким бас келолмайди. ‘Служанка' деб ном ҳам қўйиб олган эди келинига. Иккала келин ҳам жуда одобли эди. Доим қўни-қўшниларга салом бериб, уларнинг ҳурматини жойига қўярди», — деган бошқа бир қўшни.

«Дарё» мухбири марҳума аёлнинг болалик даври ўтган «Қўшбаққолли» маҳалласида ҳам бўлиб, маҳалла раиси билан суҳбатлашган. Унинг айтишича, марҳума турмуш қурганидан сўнг икки ой ўтиб уйга қайтиб келган. Марҳуманинг онаси маҳаллага мурожаат қилганидан сўнг, эр-хотин яраштириб қўйилган. Шунингдек, марҳуманинг онаси қудаларига даъвоси йўқлигини ҳам билдирган.

Марҳумадан олдинги, 2018 йил вафот этган келин сўнгги манзилга қўшнисининг уйидан кузатилган, 27 июнь куни вафот этган иккинчи келин эса онасининг уйидан чиқарилган, дейилади хабарда.

Биринчи келин — марҳума Азизанинг онаси Муҳаббат Юсупова эса қизи турмушга чиққач 3 йил ўтар-ўтмас қизидан айрилиб қолганини маълум қилди.

«2015 йил қизимни шу хонадонга турмушга бергандим. 2018 йилнинг 23 июнь куни эрталаб ўз жонига қасд қилди, деган хабар келди. Мен бунга ишонмадим. Ўша воқеадан сўнг, марҳум қизимнинг қайнонаси ва эри қизимнинг вос-вос бўлгани, жинни бўлиб қолгани ҳақида гап тарқатди. Аслида қизимнинг эс-ҳуши жойида эди. Қизим ўлимидан бир кун олдин 10 дона ‘буханка' нон олиб кетган эди. Қизим жонига қасд қилганига ҳали ҳам ишонмайман. Қизим қайнонаси азоб беришини айтарди. Мен ўша вақтда ҳақиқатнинг тагига етиш учун жуда кўп югурдим. Аммо ҳеч ким қулоқ солмади», — деди у.

Муҳаббат Юсупованинг сўзларига кўра, бу хонадон вакиллари иккинчи келинга ҳам азоб берган, ҳаттоки ҳомиласини ҳам туширган.

Терговга марҳумани калтаклашда гумонланаётган қайнона ва унинг эри ҳам жалб қилинган. Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари устидан Бош прокуратура назорат ўрнатган.