Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, июнь ойининг ўрталаридан бошлаб коронавирусни аниқлаш кўрсаткичлари ўсишни бошлаган. Тошкентда COVID-19 поликлиникалари қайта очилди. Ижтимоий тармоқларда коронавирус билан боғлиқ маълумотлар сони кўпайди. 2-сонли Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов «Газета.uz»га берган интервюсида мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида гапириб берди.


— Коронавируснинг олдинги тўлқинидан бир неча ой ўтди. Касалхонадаги сокин даврда нима бўлди?

— Охирги тўлқин январь ойида бўлди. Айнан ўша пайтда омикрон варианти бизга етиб келди. Пасайиш жиддий бўлди, эпидемиологик пауза бошланди, лекин ҳар куни касалхонамизга 10−15 бемор ётқизилди, ҳар доим камида 60−100 ўрин банд эди. Ковид ҳеч қаёққа йўқ бўлиб кетмади. Касалхонамиз бўшаб қолмаганди, ишимизни тўхтатмадик. Иккита стационар ва иккита реанимация бўлими ишлаб турди.

— Сиздаги бор маълумотларга кўра, Тошкентда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай?

— Энди касаллик яна авж олишни бошлади, бу навбатдаги тўлқин. Биз бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида касалланишнинг кўпайишини кузатмоқдамиз.

— Бугунги кунда коронавируснинг қайси варианти устунлик қилмоқда?

— Секвенсия (вирус геномини таҳлил қилиш — таҳр.) натижалари касалланганлар орасида «стелс-омикрон» варианти устунлик қилаётганлигини кўрсатди. Республикада секвенсия ишлари фақат Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида амалга оширилади. Бу жуда мураккаб ва қиммат ускуна. Биз намуналарни юборамиз ва улар таҳлил қилишади.

— Намуналарни ҳар хил тиббиёт муассасалари юборишадими?

— Ҳа. Тошкентда фақат бизнинг шифохона ва «Зангиота-1»да коронавирусга чалинган беморлар даволанмоқда.

— «Стелс-омикрон» варианти олдингиларидан нимаси билан фарқ қилади?

— Аслида, бу ўша омикрон, шунчаки унинг бошқа шакли. У тезроқ юқади, лекин айни пайтда касалликнинг классик «омикрон» ва «делта»га қараганда енгилроқ эканлигини таъкидлаш мумкин. Охиргиси энг қўрқинчлиси ва энг қийини эди. Бошқа вариантлардаги коронавируснинг инкубация даври 10−14 кунни ташкил этарди. «Стелс-омикрон» вариантида касалликнинг белгилари том маънода бир ёки икки кун ичида пайдо бўлади.

«Стелс-омикрон» мавсумий гриппга ўхшайди, у ўпкага камроқ таъсир қилади ва кўпинча шамоллаш каби давом этади: томоқ оғриғи, бир ёки икки кун давом этадиган юқори ҳарорат, бир жиҳати, бунда ўпка тоза бўлади. Бунақа касалланишда, ҳатто махсус даволаш ҳам талаб қилинмайди, шунчаки симптоматик даволаш етарли.

Ҳозир кўплаб одамлар бизнинг шифохонамизга мурожаат қилишмоқда, аммо уларнинг 30 фоизигина касалхонага ётқизиладиган ҳолатда. Илгари беморларнинг 70−80 фоизини касалхонага ётқизганмиз. «Делта» варианти пайтида — деярли 90%. Ҳозир кўпчилик беморларни амбулатор даволанишга юборамиз.


Касаллик ҳали ҳам кекса, сурункали касал, эмланмаганлар учун хавф туғдиради. Ҳозир касалхонага ётқизилган деярли барча беморлар эмланмаган. Улар орасида фақат бир нечта эмланганлар бор, уларнинг аксарияти узоқ вақт олдин эмланган ва бустер дозани олмаган.

— Касалликнинг бундай ўсишини кутганмидингиз?

— Ҳа, бундай бўлиши табиий эди, бу учинчи ёз. Ҳаво ҳарорати кўтарилса, вирус тезроқ тарқалади. Бундан ташқари, совуқ мавсумда оммавий тадбирлар камроқ ўтказилади. Баҳор ва ёзда одамлар жонланади: савдо, тадбирлар, тўйлар ўтказилади. Бу ҳам омиллардан биридир.

— Сиз бу ўсишга тайёргарлик кўрдингизми?

— Биз ҳар доим тайёр бўлганмиз. Бизда доимо дори-дармон, ётоқ-койка, кислород захираси бор бўлган. Биз доимо жанговар шай ҳолатдамиз.

— Бугунги кунда шифохонанинг бандлиги қандай?

— Бугунги кунда 2014 ўринга мўлжалланган койкаларда 318 нафар беморимиз бор. Ҳар куни 50 га яқин бемор қабул қилинади. Ҳозир даволаниш муддати қисқартирилди. Илгари ўртача оғирликдаги бемор ўртача бир ҳафта давомида даволанган. Ҳозир тахминан беш кун даволанади. Бу вақт ичида одамлар тузалишади.


— Нега иккита фаолият юритаётган ковид касалхонасини шунчалик кам юкланиш билан ёнма-ён ушлаб туриш керак?

— Ҳеч ким олдиндан қанча одам касалхонага ётиб қолиши мумкинлигини била олмайди. «Делта» бор вақтда бу икки шифохона ҳам етарли бўлмаган. Ўша пайтда шаҳарда беш-олтита тақсимлаш марказлари очилиб, улар ҳам тўлиб кетганди. Бу эпидемиологик вазиятни ҳеч ким башорат қила олмайди.

— Касалхоналардан бирини тўхтатиб туриш мантиқийми?

— Ҳозирги вақтда йўқ. Бундан ташқари, «Зангиота-1» ва «Зангиота-2» шифохоналари бир-бирининг профилини мутлақо такрорламайди. Улар («Зангиота-1» — таҳр.) болалар ва ҳомиладор аёлларни қабул қилади. Бизда шошилинч жарроҳлик ва гемодиализ бўлимлари мавжуд.


«Зангиота-2» шифохонасидаги гемодиализ бўлими.

Пандемия бўлмаган сокин ҳаётда ҳам юқумли касалликлар шифохоналари доимий равишда ишлаган, гарчи улар ҳар доим мавсумий равишда тўлиқ бўлишса ҳам. Аммо уларнинг ишини ҳеч ким тўхтатиб турмайди, чунки эпидемиологик хавфни олдиндан билишнинг имкони йўқ. Агар тўсатдан касаллик авж олса, ҳеч ким ҳеч нарса қилишга улгурмайди. Касалхонамиз ишлаётганлиги сабабли, биз барча бўлимларни сақлаб турмаймиз. Касалланиш камайганда, бизда фақат тўртта бўлим ишлади. Касалхона бюджетга катта юк бермади, лекин шу билан бирга шай ҳолатда турди.

— Ҳозир тиббиёт ходимларини ишга қайтаряпсизми?

— Ҳа. Биз аллақачон бешта бўлимни очдик. Агар шундай давом этса, яна очишимизга тўғри келади.

— Ўтган йилларга нисбатан оғир беморлар кўпроқми?

— Кўп эмас. «Делта» даврида биз еттита реанимация бўлимини очдик, аммо улар барибир етарли бўлмаган. Ҳозир энди озгина енглироқ. Кўпчиликда вирус енгил кечмоқда, одамлар вирус юқтирганини билмаган ҳолда оёқда касалликдан тузалади. Аммо биз бу инфекцияга кўникишимиз керак. Энди у ҳар доим бизга ҳамроҳ бўлади. Аммо янада юқумли ёки ўлимга олиб келадиган вариантнинг пайдо бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Вирус ҳам тирик организмдир. У иммунитетни четлаб ўтиш йўлларини топади ва табиий танланиш орқали энг кучли вариант омон қолади, бу эса бошқаларини сиқиб чиқаради. «Вухан» варианти энди дунёда йўқ, у аниқланмаяпти. Ҳатто «делта»ни ҳам «омикрон» сиқиб чиқарди.

— Нима учун одамларда енгилроқ кечадиган вариант оғирроқ кечадиган вариантдан кучлироқ? «Омикрон» енгилроқ кечадиган бўлса, нимага у «делта»ни сиқиб чиқарди?

— Вирусга ўз эгасини ўлдириш манфаатли эмас. Агар одам ўлса, вирус ҳам ўлади. Вирусга тезроқ тарқалиш, аммо яшаш манфаатлироқ. Шунинг учун ҳам кўпроқ юқумли, лекин камроқ ўлдирадиган вариантлар тарқалмоқда.

— «МСКТ»да ўпканинг шикастланиши аниқланса, касалхонага ётиш керакми?

— Албатта.

— Шикастланишнинг неча фоизида?

— Биз учун фоиз муҳим эмас, чунки шикастланиш фоизи шунчаки жараён. Расмда одам ўпкасининг 1−2% шикастланган бўлиши, лекин бир неча соатдан кейин у 20−30% га айланиб кетиши мумкин. Ўпкалар жуда тез шикастланиши мумкин. «МСКТ»да биз ҳозирги вақтдаги шикастланишни аниқлаймиз.


— «Делта» даврида, касалхоналар агар шикастланиш даражаси маълум бир чегарадан паст бўлса, шифохонага ётқизмаганди.

— Биз фақатгина зарарланиш фоизига қарамаймиз, балки биринчи галда вазиятни беморнинг аҳволига қараб баҳолаймиз. Шифокор беморни текширганда, у прогноз қилади. Хавфли гуруҳ мавжуд — булар кексалар, диабет, юрак-қон томир ва онкологик касалликлар, ОИВ билан касалланганлардир. Агар хавф гуруҳидаги одам коронавирус билан касалланган бўлса, биз ҳеч қандай фоизга қарамасдик. Бир қатор белгилар ва шикастланиш фоизи баҳоланади. Бизда ўпкалари 5−10% гача шикастланган, аммо шунга қарамай бошқа касалликлар туфайли аҳволи оғир беморлар бўлган.

Бундан ташқари, шуни ҳисобга олиш керакки, «делта» пайтида биз энг оғир аҳволда бўлганларни, яъни кислород таъминотига муҳтож бўлганларни олишга ҳаракат қилдик. Пик даврда бизда оғир касаллар учун ётоқ жой етмади. Энди пневмония бўлса, албатта касалхонага ётқизамиз.

— Қандай ҳолатда одам касалхонага бориши ёки тез ёрдам чақириши керак?

— Ҳар бир тез тиббий ёрдам бригадаси экспресс-тестларига эга. Агар ковид аниқланса, беморларни бизга олиб келишади. Биз учун муҳим бўлган аломатлар тўплами мавжуд. Энг муҳими — нафас қисилиши. Инсоннинг ўзи унга ҳаво етмаётганлигини ҳис қилади. Бунинг ўзи шикастланиш белгисидир. Яна бир аломат — бу паст сатурация. Энди ҳаммада пульсоксиметрлар бор — бу арзон нарса, у ҳар бир дорихонада сотилади.

Умуман олганда, одамлар ўзлари бориш керак деб ҳисоблаган пайтда бизга келишади. Бугунги кунда шифохонадаги асосий юклама касалхонага ётқизиш билан боғлиқ эмас. Асосий юкламани мурожаатлар ташкил этмоқда. Илгари «Зангиота»ни вабо кулбасидек четлаб ўтишган бўлса, энди шифокорлар амбулатор беморларга хизмат кўрсатишга улгуролмаябди.

Шундай вазият юзага келдики, шамоллашнинг энг кичик аломатларида одамлар бутун оиласи билан бу ерга текширувдан ўтиш учун келишади. Бу жиддий хавфларни келтириб чиқаради. Мурожаат қилувчиларнинг тахминан 30 фоизида ковид умуман аниқланмаган. Аммо қабулхонада кўп одам бўлиб туриб, улар албатта вирус юқтиришади, чунки ташриф буюрувчиларнинг баъзилари аниқ ковид билан касалланган. Вируснинг бундай концентрациясида ниқоб вазиятдан қутқармайди.


Кеча бизга 200 га яқин мурожаат бўлди. Биз фақат 53 кишини касалхонага ётқиздик. Яъни, 150 киши шунчаки келиб тест топширишди, шифокорлардан тавсиялар олишди. Аммо 150 кишининг ҳаммасида ҳам тест ижобий натижа бермади.

Бу биз учун катта муаммо. Бизда умуман амбулатор беморлар бўлмаслиги керак. Бунинг учун Тошкент шаҳрининг барча туманларида кечаю-кундуз ишлайдиган махсус поликлиникалар ташкил этилган. Хоҳлаган одам ўша ерга бориши, ПЗР тестини топшириши мумкин. У ерда шифокорлар вазиятни баҳолаб, тавсиялар ёзиб беришади. Поликлиникалар беморларнинг аҳволини кузатиб боришади ва уларга қўнғироқлар қилишади. Агар эҳтиёж бўлса, «Зангиота»га мурожаат қилишни тавсия этишади.

— «Стелс-омикрон» вариантини даволашда янги услублар борми?

— Деярли янгилик йўқ. Шунчаки даволаш осонлашди. Агар илгари биз самарали, аммо токсик дори бўлган «Ремдесивир»ни кўпроқ ишлатган бўлсак, энди биз уни камроқ, фақатгина касаллик оғир бўлган ҳолларда қўллаймиз. Асосан, биз енгилроқ терапия билан даволамоқдамиз.

— Амбулатор даволаниш бўйича тавсиялар бера оласизми?

— Шуни ёдда тутиш керакки, одамда йўлдош касалликлар бўлиши мумкин. Бундай сценарийда даволаниш индивидуал равишда танланиши керак, чунки сурункали касалликлар ковид билан кучаяди.

Аммо ковиднинг ўзини алоҳида олсак, бизда ковид-бокс бор. Давлат уни бепул беради. Шунингдек, биз касалхонага ётқизилмаган беморларга ковид-бокс берамиз. Болалар ва катталарга мўлжалланган дорилар мавжуд. Дорилар енгил шаклни даволаш учун етарли бўлиб унга аскорбин кислотаси, парацетамол, цинк, гидроксихлорохин киради.

— Ҳозирги пайтда ниқоб ва карантин чекловларини жорий қилиш мантиқийми?

— Бу мутлақо фойдасиз. Биринчидан, ҳамма аллақачон ниқоб режимидан чарчаган, унга ҳеч ким амал қилмайди. Аммо одамлар кўп бўлган ёпиқ жойларда ниқоб кийиш мантиқан тўғри — бундай жойда зарарланиш хавфи жуда юқори. Очиқ ҳавода ниқоб керак эмас. Аммо одамлар гавжум жойларда ниқоб кийиши тавсия этилади.

Қаттиқ чекловларга келсак, улар вирус тарқалишини тўхтата олмайди. Бу нафақат ҳаво-томчи, балки аэрозоль инфекция бўлиб, вирус ҳавода осилиб туради. Ҳеч бир одам кечаю-кундуз ниқоб тақиб юра олмайди, шу сабабдан бу билан вирус тарқалишини тўхтатиб бўлмайди.

Ҳатто Хитой ҳам қаттиқ чекловлар кутилгандек самара бермаганини тушуна бошлади. Яқинда касалликнинг авж олиш ҳолатлари аҳолининг коллектив иммунитетга эга эмаслигини кўрсатди. Улар фақат эмлашга ишонишган, аммо коллектив иммунитет ҳам керак. Хитойда кам одам касал бўлди, чунки уларнинг ҳаммаси уйда ўтиришган эди, шунинг учун ҳаммаси тоза бўлган.

Бироқ, эмлаш касалликнинг оғир кечишидан ҳимоя қилишнинг энг самарали усули бўлиб қолмоқда.

— Эмлашни тавсия қиласизми?

— Албатта. Ва ревакцинация қилишни ҳам, чунки эмлаш вақтинчалик таъсир кўрсатади. Инсоннинг вирусга қарши иммунитети аста-секин пасайиб боради, шунинг учун эмлаш грипп ва пневмония каби мавсумий бўлиши керак.

Аввал эмланган вакцина билан эмас, балки бошқаси билан эмланиш яхшироқ самара беради деган фикрлар бор. Бу исботланмаган, аммо шундай фикр мавжуд, чунки вакциналарнинг таъсир қилиш механизми бироз бошқача, бошқа тур иммунитетга кўпроқ таъсир кўрсатади.

Касалхонамизда биз эмламаймиз, чунки биз даволаймиз. Агар бирор киши касал бўлса, эмлашдан фойда йўқ. Соғлом одамни эмлаш керак, чунки тўлиқ иммунитет эмлашдан кейин ўртача бир ой ўтгач ривожланади.

— Фуқароларга касал бўлмаслик учун яна қандай тавсиялар бера оласиз?

— Ёпиқ гавжум жойларда ниқоб тақинг ва соғлом турмуш тарзига амал қилинг, чунки ҳар қандай инфекция ҳар доим заифлашган одамга яхшироқ ёпишади.

Коронавирусга қарши эмлаш ва касалликдан тикланиш ҳақида «Газета.uz»нинг фойдали материаллари

Пневмониядан кейин ўпкани қандай қилиб тўғри тиклаш керак. Фтизиатр тавсиялари.

Вирусолог, PhD Дилдора Секлер билан эмлаш ҳақида суҳбат.

Коронавирусга қарши вакциналар қандай ишлайди? Антитаначалар ва улар бўйича тестлар қандай бўлади? Нега ушбу таҳлилларни топширишнинг фойдаси йўқ? Дилдора Секлер билан суҳбат.

Агар тана касал бўлганлигини «эслаб қолса» касалликдан кейин эмлаш мантиқийми? Биотехнолог, биология фанлари доктори Алишер Абдуллаев билан суҳбат.

Вакциналар инсон ДНКсига таъсир қиладими? Алишер Абдуллаев билан суҳбат.