Коронавирусга қарши эмлаш одамларни иммунизация тарафдорлари ва қаршиларга ҳамда вакциналарнинг хавфсизлигига шубҳа билан қаровчиларга бўлиб ташлади. 2019 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакциналарга бўлган ишончсизликни инсоният учун глобал таҳдидларнинг ўнталигига киритган эди.

PhD илмий даражасига эга шифокор-вирусолог ва Facebook`даги «Врачи Ташкента» гуруҳи асосчиси Дилдора Секлер «Газета.uz»га берган интервьюсининг иккинчи қисмида «дельта» коронавируси аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилиши, нима учун вакцинадан қўрқмаслик лозимлиги, ҳозир пневмонияга қарши эмланиш мумкинми, бу эмлаш коронавирусдан ҳимоя қиладими ёки йўқми каби саволларга жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, интервьюнинг биринчи қисмида Дилдора Секлер антитаначаларга тест топшириш керакми ёки йўқми деган саволга жавоб берган эди.

— Яқинда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги пневмония билан касалланганлар сони бўйича статистик маълумотларни эълон қила бошлади. Сизнингча, бу тўғрими?

— Статистика статистикадан фарқ қилади. Ҳозир бизда пневмония ташхиси фақат МСКТ натижалари асосида қўйилади. Бу унчалик тўғри деб ўйламайман. Шифокорлар таниқли «матовое стекло» атамаси асосида — ўпканинг зарарланиш фоизига асосланиб бу ташхисни қўйишади, аслида эса кўп ҳолатларда бу пневмония эмас, балки вирусли пневмонитдир. Бу тубдан фарқ қиладиган турли ташхислар, касалликларнинг турли клиник кечиши ва албатта, даволанишдаги мутлақо фарқли ёндашувлар.

Дунё бўйлаб пневмония статистикаси ҳар йили тузилади. Бу асосан бактериал пневмония. Вирусли инфекциялар пайтидаги пневмония, асосан, бактериал инфекция қўшилганда вирус, шу жумладан коронавирус таъсир қилишининг оқибатлари ҳисобланади. Кўпгина респиратор вируслар пневмонияни келтириб чиқариши мумкин, шу жумладан коронавирус, грипп вируслари ва бошқалар.

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳозирда қайси пневмония статистикаси эълон қилмоқда?

— Тахминимча, бу ёки «ковидли» пневмония бўйича, бу эса худди ўша вирусли пневмонит, ёки ковиддан кейинги асоратлар, яъни бактериал инфекция қўшилиши натижасида келиб чиққан пневмония.

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз статистикасида бу борада аниқлик киритмаяпти.

— Демак, аниқлик киритиш керак, деб ўйлайман.

— Бу каби аниқлик йўқлигининг ёмон томони нима?

— Бу кўпроқ профессионал маълумот. Бизда кўпгина шифокорлар антибиотиклар билан даволанадиган бактериал пневмонияни пневмонит (вирусли этиология) билан, яъни антибиотикларсиз даволанадиган пневмония билан чалкаштиришади.

— Вирусга қарши дорилар қачон керак бўлади?

— Дунёда ҳалигача коронавирусга таъсири аниқ исботланган ўзига хос даволаш усули мавжуд эмас. Аммо айтиш мумкинки, бошиданоқ турли хил вирусларга, шу жумладан ОИВ, грипп, Эбола ва бошқа вирусларга қарши воситалар қўлланилмоқда.

Коронавирус пневмониясини даволашда самаралироқ бўлган воситалардан бизда «Ремдесивир» (дастлаб Эбола вирусига қарши ишлаб чиқилган) препаратидан фойдаланилади. У бошиданоқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг даволаш баённомаларига киритилган. Ҳозир препарат бизнинг баённомаларимизга киритилган, ЖССТ баённомаларига эса фақат оғир ҳолатларни даволаш учун киритилган.

— Нима учун ЖССТ бу препаратни фақат оғир ҳолатларни даволаш бўйича тавсияларга киритган?

— Токсиклиги сабабли. Вирусга қарши препаратларнинг аксарияти токсикдир, шунинг учун биз фойда ва зарарни ҳар доим ўлчашимиз керак. Касаллик енгил кечганда уни тавсия қилмаслик керак, бунга ҳожат йўқ, бемор ўзи соғайиб кетади.

— У ҳолда нима учун бизда ундан касалликнинг оғир кўринишидан бошқа ҳолатларни ҳам даволашда қўлланишади?

— Асосан, албатта, у ўрта оғир ва оғир ҳолатларда ёки бемор хавф остида бўлганида берилади. Амалиёт «Ремдесивир» фойда бераётганини кўрсатмоқда. Рости, тажрибамда усиз ҳам тузалган оғир беморлар бўлган, аммо кўплаб беморларимиз бу препарат ёрдамида тезроқ тузалиб кетишган. Вирус юкламасини ҳар куни текшира олиш имконимиз бўлмаса ҳам, барибир, аниқ ижобий тенденция кузатилган.

— Бу каби даволашнинг оқибатлари бизда кузатиладими?

— Ўйлашимча, ҳа. Чунки стационарда беморларни даволовчи шифокорлар доимий равишда қон кўрсаткичлари ва глюкоза миқдорини кузатиб боришади. Билишимча, стационар шароитда буларнинг барчаси амалга оширилади. Умид қиламанки, барча маълумотлар қайд қилинмоқда.

Ўтган йили «Тез Ёрдам» дастурида биз ўз-ўзини даволаш билан шуғулланмаслик кераклигини айтиб ўтгандик. Ўшанда одамлар ўзларини томчи-уколлар билан даволай бошлашганди, биринчи кунларданоқ антибиотиклар ва гормонлардан фойдаланишарди, афсуски баъзи ҳолатларда ҳамкасбларимиз тавсияларига кўра. Бу жуда ҳам нотўғри. Ҳозирга келиб кўплаб шифокорлар тўғри даволаш ва оғир ҳолатдан олиб чиқишни ўргандилар.

Аммо афсуски, кўриб турганимиздек, ҳамма ҳам тўғри хулоса чиқармаган кўринади. Ҳозир биз яна ўша хатоларга дуч келяпмиз, ваҳимада одамлар яна эски схемаларга ишониб (ўзлари ёки ҳаттоки шифокорлар тавсиялари асосида), яна ўша антибиотиклар ва гормонлар билан ўзларини хароб қилишмоқда. Бундай ваҳима одамларга вирусдан кўпроқ зарар келтиришини қандай етказиш мумкин, билмайман.

— Йилнинг қайси фаслида пневмония билан оғриган беморлар кўпроқ рўйхатга олинади?

— Агар гап «ковидли» пневмония ҳақида бўлса, бу мавсумга боғлиқ эмас. Биз коронавирус билан иккинчи йил яшаяпмиз ва буни амалиётда кўряпмиз. Олдинлари, ЎРВИни йилнинг совуқ мавсуми бошланиши билан боғлашарди, энг авж оладиган палласи эса январь-апрель ойларига тўғри келарди. Бактериал пневмония айнан шу даврда кенг тарқаларди. Аммо ҳозирги вазиятда ҳамма нарса ўзгарди. Биз энди аниқ мавсумийликни кўрмаяпмиз. Аммо аниқ айтиш мумкинки, касаллик билан зарарланганларнинг сони кўпайганда пневмония билан касалланишнинг кўпайиши ҳам кузатиляпти.

Пандемия бошланишидан буён биз беморларнинг 80−85% вирусни енгил шаклда, 10−15% гача беморлар инфекцияни ўртача ва оғир шаклларда (айнан шу ерда ўпканинг яллиғланиши кузатилади) ва тахминан 5% беморлар ўта оғир шаклда бошдан кечириши мумкинлиги ҳақидаги статистикани келтирган эдик. Шундай қилиб, пневмония тахминан 10−15% ҳолатларда ривожланади. Демак: касаллик юқтирганлар қанча кўп бўлса, ўпкаси зарарланганлар ҳам шунча кўп бўлади. Агар эмлаш қамрови каттароқ бўлганида эди, унда коронавирус юқтирганлар ва пневмония билан оғриган беморлар сони анча паст бўлар эди.

— Демак, коронавируснинг иккинчи тўлқини учун бу нормал ҳолатми?

— Бу пандемия шароити эканлигини инобатга олсак, бу табиий.

— Ҳозир пневмонияга қарши эмлаш мумкинми?

— Нега мумкин эмас экан? Керак. Менимча, ҳеч қайси пандемия, эпидемия, мавсум ёки бошқа бирон бир нарса одатдаги эмлашга ҳеч қандай халақит бермаслиги керак. Режалаштирилган эмлаш жадвали бузилмаслиги керак, фақат эмланиши керак бўлган одам ўткир инфекцияни бошдан кечираётган ҳолатлар бундан мустасно.

Ҳар доим ҳам одам қандайдир ўткир жараённи бошдан кечираётганда эмланмаслик керак, деб айтилган: тана ҳарорати кўтарилиши, йирингли касалликлар, сурункали касалликларнинг кучайиши. Ўткир давр ўтгач, хотиржам эмланаверинг. Бундан ташқари, пневмониядан бизни бирданига бир нечта вакциналар ҳимоя қилади: «Пневмо»нинг ўзи, ХИБ (гемофил инфекциясига қарши), ҚПҚ (қизамиқ, эпидемик паротит ва қизилча), гриппга қарши, энди эса коронавирусга қарши вакциналар.

— «Пневмо» вакцинаси ковид пневмониясида ёрдам бера оладими?

— Албатта йўқ. У фақат пневмококкли пневмонияга қарши ёрдам беради. Аммо коронавирусли пневмонияга қарши ковид вакцинаси ёрдам беради. У айнан инфекциянинг ривожланишига тўсқинлик қилади, оғир ҳолатларни камайтиради ва ўлимга олиб келадиган ҳолатларни йўқ қилади.

— Бемор коронавирус билан касалхонага ётқизилса, шифокорлар ундан ковидга қарши эмланганми ёки йўқми деб сўрашадими?

— Сўрашади деб умид қиламан. Мен барча шифокорлар учун жавоб беролмайман, аммо улар эмланганлар орасида касалланиш ҳолатлари статистикасини юритиши мантиқан тўғри бўлади деган фикрдаман.

— Эмланганлар фоизи шунчалик паст бўлган ҳолатда, бу статистикани юритишдан фойда борми?

— Ҳар доим сўрашнинг маъниси бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам баъзи маълумотларга асосланиб статистик таҳлил ўтказиш мумкин бўлади.

— Баъзи одамлар эмланишни хоҳламайдилар, чунки улар вакциналарга ёки шифокорларга ишонишмайди. Баъзида, улар далил сифатида олимларнинг коронавирус ҳақидаги фикрларини жуда кўп маротаба ўзгартирганликларини ва энди улар ўз тахминларини одамларда синаб кўришни исташларини келтирадилар.

— Ва шу билан бирга, одамлар коронавирус ва бошқа касалликлардан қўрқишади, барибир шифокорларга мурожаат қилишади ва ёрдам беришларини, асраб қолишларини сўрашади.

Аслида, бошиданоқ барча шифокорлар ва олимлар янги инфект, янги патоген пайдо бўлганда, умуман ниманидир тахмин қилиш қийинлигини айтишган. Шунинг учун, ҳеч ким аниқ бир гап айтолмаган. Барча: «Ҳозир маълумотлар шундай, маълумотлар ўзгаряпти, вирус ўрганиляпти» деб айтарди.

2020 йил 4 март куни биз CDC`даги (АҚШ касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари — таҳр.) ҳамкасбларимиз билан коронавирус бўйича илк семинарни ўтказдик. Ўшанда бошқа вируслар қатори коронавирус ҳам тезкор мутацияга мойил эканлиги аниқлангани айтиб ўтилганди. Вирус ҳар куни 2%га мутацияга учрайди. Аммо бу аҳамиятли мутациялар эмас. Бу унинг бутунлай бошқача бўлаётганини англатмайди. Гап кичик фарқ тўғрисида кетмоқда. Вирус тирик қолиш учун мутацияланяпти. Вирус яшашни хоҳлаяпти, шунинг учун унга танамизга мослашиш муҳим. Бундан ташқари, турли хил дорилар ва турли хил иқлим шароитлари ҳам унга таъсир қилади. У буларнинг барчасини айланиб ўтишга ҳаракат қиляпти.

Ҳа. Вирус ўзгариб боряпти ва ҳали ҳам ўрганиляпти, аммо бу вакцина ёрдам бермайди дегани эмас. Нима учун?

«Ҳинд штамми» деб аталадиган «дельта» вариантида бир нуқтали мутация содир бўлган. Вирус спайк-оқсил (бу ҳақида олдинги интервьюда маълумот берилган — таҳр.) таркибидаги фақат битта аминокислотани ўзгартирди. Спайк-оқсилининг бутун тузилмаси олдингидек қолди. Бу ўзгариш вируснинг клиник оқимини ўзгартирмасдан, оғир ҳолатларнинг кўпайишига олиб келмасдан (менинг ҳамкасбларим буни тасдиқлашади) уни юқумлироқ бўлишига, яъни тарқалиш тезлигининг ўзгаришига ёрдам берди. Хоҳиш бўлса, бу мақолаларни инглиз тилидаги илмий журналларда ўқиш мумкин. Улар очиқ манбаларда бор.

Вирус битта аминокислотани ўзгартирганда, ҳужайрамизга, рецепторимизга кучлироқ ёпиша бошлади. Алоқа кучайди (яқинлик ошди). Агар у кучлироқ бўлган бўлса, демакки, вирус ҳужайрага осонроқ киришни, кўпайишни ва тез тарқалишни ўрганган. Ўзгарган ягона нарса шу. Спайк-оқсилнинг умумий тузилиши ўзгаришсиз қолади. Бу эса вакцина барибир самара беришини англатади.

Вирус спайк-оқсилни тўлиқ ўзгартира олмайди. Акс ҳолда, у ҳужайрага кира олмайди, унга касалликни юқтира олмайди, демай яшай ҳам олмайди. Агар у тузилмасини бутунлай ўзгартирса, у организмга кириш учун бошқа рецепторларни излаши керак. Бу бутунлай бошқа вирусга айланади ва бу вақт ичида у ўлиши мумкин. Агар у спайк-оқсил тузилишини сезиларли даражада ўзгартирмаса, у ҳолда антитаначалар уни танишни ва ишлашни давом эттиради. Балки тўлақонлимасдир, аммо барибир ишлашади.

Мана Сизга битта факт: вирус ўз функцияларини сезиларли даражада ўзгартириши ва янги бўлиши учун деярли 20 йил вақт керак бўлди. 2002 йилги эпидемияни келтириб чиқарган SARS CoV-1 вируси билан ҳозирги вариантлар орасидаги фарқ 15 фоизни ташкил қилади. Ҳали ўшандаёқ вакциналар устида ишлаш бошланган.

Пандемия тугаганидан кейинги 5−10 йил давомида вирус кескин ўзгармайди. Бу инфектология қонуни. Сезиларли ўзгаришлар билан янгиланган вирусларнинг пайдо бўлиши тахминан шу давр давомида содир бўлади. Агар ҳамма тўлиқ эмланса, у ҳақида умуман унутса ҳам бўлади.

— Мажбурий эмлашга қандай қарайсиз?

— Бу халқаро ҳуқуқ масаласи. Аммо эмлаш ихтиёрий бўлиши керак деб ўйлайман. Мен мажбурий эмлашни инсон ҳуқуқларининг бузилиши деб биламан.

Одамлар ишончини қозониш керак. Мен кенг жамоатчиликка имкон қадар кўпроқ тўғри маълумот бериш фақат фойдали бўлишига ишонаман. Ҳар қандай дори воситаси сингари вакциналарнинг ножўя таъсири ва қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлари ҳақида ҳам маълумот бериш керак. Аслида, барча хорижий ишлаб чиқарувчилар худди шундай қилишади. Вакциналар, барча дорилар сингари, ножўя таъсирга эга эканлиги аниқ.

Мана, қаранг, ҳар қандай кўрсатмаларни очинг, ҳатто ўша парацетамол бўйича ҳам. Ножўя таъсири рўйхатида гепатотоксик таъсир, тромбоцитопения, лейкопения, панцитопения, нейтропения, агранулоцитоз, тери тошмаси, қичима кўрсатилган. Бу ножўя таъсирлар одамларни ҳар қандай вазиятда ундан фойдаланишдан тийиб турадими?

Вакциналарда ҳам шундай. Инъекция жойида оғриқ, қизариш, шиш пайдо бўлиши мумкин — бу энг кўп тарқалган ножўя таъсирлар. Баъзида «грипп» ҳолати, мушакларда оғриқ, безовталик, баъзида 37−38 даража ҳарорат бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси вакцина учун табиий бўлган реакциялар. Иммунитет ишининг кўрсаткичи. Кучли реакцияларда, масалан, 38дан юқори ҳарорат, аллергик реакциялар ва бошқалар учун навбати билан яллиғланишга қарши ёки антигистамин воситалар қабул қилиш керак.

Буларнинг барчасини батафсил тушунтириб бериш керак, камдан-кам учрайдиган бу каби ножўя таъсирлар пайдо бўлганда ўзини қандай тутиш ва нима қилиш кераклиги ҳақида маълумот бериш керак. Шунда одамларда кўпроқ ишонч пайдо бўлади. Бу энг тўғри ва инсонпарвар йўл деб биламан. Фақат катта ҳажмдаги хаққоний маълумотлар одамларнинг ҳам мутахассисларга, ҳам вакциналарга бўлган ишончини оширишга ёрдам беради.

Негадир баъзи бир беморлар орасида агар шифокор тиббий варақаларда вакцина олиш мумкин эмаслигини ёзса, эмланмасликка ундаса, демак бу «ўзини одами», яхши мутахассис деган хато фикр бор. Нима учун бундай қилишади? Жаҳолатданми? Тушунмайдиган беморнинг кўзига яхши кўриниб, кўнглидагидай бўлишини исташадими? Агар эртага беморда бироз бўлсада, ножўя таъсир пайдо бўлса, шикоятларни эшитишдан қўрққанлигиданми? Тушуниш мумкин. Бизда шифокор ҳимояланмаган. Агар бемор эмлашдан бош тортганлиги сабабли ковид билан оғир касал бўлиб қолса ҳам, шикоят йўқ. Ўзи танлади. Агар вакцинадан кейин ҳарорат бироз кўтарилса ёки бироз «грипп» ҳолати бўлса, у ҳолда шифокор «ярамас» — эмлашга юборди.

Ва аксинча, айнан ўша беморлар вакциналарни тарғиб қилувчи шифокорларни «вирусни юқтирмоқчи, йўқ қилмоқчи ва чип ўрнатмоқчи бўлган очкўз, сотилган» кишилар деб ҳақоратлайди. Мен буни ўзимга нисбатан бир неча бор эшитганман. Шу муносабат билан, ишонч билан айта оламанки, бирор бир фармацевтика компанияси билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Агар кимдир менга айтган сўзларга қарши ҳар қандай гонорар тўғрисида далил келтирса, мен дарҳол ўша одамга камида ўн баравар миқдорида пулини тўлаб бераман. Акс ҳолда, мен бундай ҳужумларни туҳмат деб қабул қиламан (Жиноят кодексининг 139-моддаси).

Имкон бўлиши билан онамни «Спутник V» вакцинаси билан эмлантирдим. Буни фақатгина улар поликлиникага камроқ ташриф буюришлари учунгина қилдим, чунки улар 82 ёшда. Ўзим эса хитой-ўзбек вакцинасини олдим.

Тиббиётнинг энг катта кашфиётларидан бирини қандай қилиб шубҳа остига олиш мумкинлигини тушунмаяпман. Кўпчилик унутган кўринади, баъзилар эса Ер аҳолисининг деярли учдан бир қисми бутун қишлоқ ва шаҳарлар билан йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлган чечак касаллигидан сайёрани фақатгина эмлаш халос қилганини билишмайди. Айнан умумий эмлаш туфайли 1980 йилда бизнинг сайёрамизда чечак энди йўқлиги ҳақида эълон қилинди.

Полиомиелитга қарши эмлашнинг ўзи дунёдаги болаларнинг учдан бир қисмини ўлим ва ногиронликдан халос қилди. Агар сиз ушбу вирусни юқтирган болалар қандай кўринишини кўрмаган бўлсангиз, у нима эканлигини қидириб кўринг. Биз бунга фақат эмлаш туфайли дуч келмаяпмиз.

Болалигимда онам дифтерия туфайли вафот этишига оз қолган. Юз минглаб одамлар вафот этган бир пайтда, у фақат вакцина сабаб омон қолди. Бизда дифтерия йўқ, аммо у бизнинг фуқароларимиз ҳам ташриф буюрадиган Ҳиндистонда тўлиб кетган. Кимдир олиб келмаслигига кафолат борми? Ўшанда эмлашдан бош тортганлар ушбу инфекцияни тарқатишни бошлайдилар.

Қутуриш вирусидан ўлим 100% ҳолларда бўлишини биласизми? Бу шуни англатадики, агар сиз уни юқтирсангиз, омон қолишнинг ҳеч бир имкони йўқ. Ер юзида фақат биргина препарат қутқара олади. Вакцина! Одам уни ўз вақтида — қутурган ҳайвон тишлаганидан кейинги 3−5 кун ичида олмас экан, ўлиши аниқ. Ўзбекистонда эса қутуриш мавжуд.

Нақлда келтирилганидек, ўз юртида пайғамбарлар бўлмайди. Аммо фақатгина чет эллик бўлгани учун ўзларини ёлғон илмий фитна назариялари бўйича «мутахассислар» ва «профессорлар» деб эълон қиладиган турли хил фирибгарларни тинглашдан олдин, ҳеч бўлмаганда баъзан бу фактларни эсланг.