Кўпчилик коронавирусга қарши вакциналарнинг самарадорлигига шубҳа билан қарайди ва ишлаб чиқарувчини танлаш борасида кўп мулоҳаза қилишади. «Газета.uz» эмлашга оид асосий саволларни мутахассисларга беришда давом этмоқда.

Молекуляр генетик, биотехнолог, биология фанлари доктори ва Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори ўринбосари Алишер Абдуллаев вакциналарнинг ножўя таъсирини аниқлаш ва уларнинг инсон ДНКсига таъсири ҳақида гапиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Абдуллаев Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III босқич клиник синовлари қандай ўтаётгани ва мамлакатимизда коронавируснинг турли хил вариантлари қандай аниқланишига изоҳ берган эди.

— Баъзи одамлар вакциналар ДНКга таъсир қилишидан қўрқишади. ДНКга таъсир қилиши ёмонми?

— Вакциналарнинг геномга таъсири 20 йилдан ошиқ ўрганилмоқда. Бугунги кундаги маълумотларга кўра, вакциналар геномга ўрнашмайди. Рекомбинант, м-РНК ва аденовирус вакциналари ДНКга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Вакцина дизайнини ишлаб чиқиш бўйича маълум талаблар мавжуд. Вакцинанинг ҳеч қандай элементи конструкциянинг ёки векторнинг инсон геномига интеграция қилишига ёрдам бермаслиги керак.

Олимлар препаратларни аввал ҳужайраларда, кейин ҳайвонларда синаб кўришади. Ҳар бир босқичда препарат бўлаклари геномга интеграциялашмаётгани текширилади. Доимий мониторинг ўтказилади. Тадқиқотлар мақолаларида биз инсон геномида эмлаш қолдиқлари ёки бўлаклари йўқлигини кўрамиз. Вакциналар шундай тузилганки, улар ҳужайрага киргандан сўнг керакли маҳсулотга айланади, сўнгра иммунитет тизими томонидан ҳужайра билан бирга йўқ қилинади ва танадан чиқарилади.

Биз фақат аденовируслар қўзғатадиган ЎРВИ билан доимо касалланамиз. Вектор касаллик келтириб чиқарадиган барча қисмлари олиб ташланадиган аденовирусдан фойдаланади ва у ерда ген фрагменти киритилади, масалан ковид билан ҳолатда унга коронавируснинг спайк-оқсили кодланади. Ва бу аденовирус одамга «юқтирилади». Аденовирус — бу ДНК вектори, лекин у геном билан интеграциялашмайди.

Аденовирусли вакцина тирик ҳужайрага киради. Вектор унда оқсил бўлагини такрорлайди, кейин иммунитет тизими ҳам векторни, ҳам аденовирусни танийди ва уларни йўқ қилади.

Аммо вируслар геномга жойлашиб олиш имкониятига эга. Инсон геномини ўрганганимизда, биз унга хос бўлмаган жуда кўп элементлар борлигини кўрамиз. Бу элементлар вирусларга хосдир. Бу хотира. Бу шуни кўрсатадики, инсон эволюцияси даврида унинг танасига вируслар кириб келган, улар ўша ерда яшаган ва ДНКда ўз изини қолдирган. Аммо бу вирусларнинг излари фаол эмас.

— Геномга нимадир жойлашиб олиши ёмонми?

— Агар нимадир геномга жойлашиб олса, бу яхши эмас. У тананинг қандайдир функциялари учун жавоб берадиган геном қисмларига жойлашиши мумкин. Агар инсон геномига бирор нарса жойлашса, у ўзини ёмон ҳис қилиши мумкин. Ҳаттоки инсон ўлиши ҳам мумкин.

Аммо бирор нарсани мақсадли равишда геномга жойлаштириш мумкин. Cas9 технологияси — ўзига хос молекуляр қайчи мавжуд. Яъни, кераксиз қисм кесилади ва унинг ўрнига бошқаси киритилади. Баъзи оғир ирсий касалликлар мавжуд бўлиб, улар билан оғриган кишида инсоннинг маълум муҳим гени унчалик функционал эмас. Яъни, у ўз вазифасини бажара олмайди ёки қайсидир бир функционал бўлмаган оқсил ишлаб чиқаради, бунинг натижасида одамда жиддий патология ривожланади. Масалан, умуртқа дистрофияси — болалар кўп азоб чекишади, кўплар омон қолмайди. Бундай касалликлар эса жуда кўп.

Геннинг патологик қисмини аниқ кесиб ташлаш ва унинг ўрнига бундай патологияси бўлмаган одамдан олинган оддий генни жойлаштириш имконини берадиган технология мавжуд. Яъни, нормал ишлайдиган ген беморнинг геномига киритилади. Шунда одам одатий ҳаёт тарзига қайтиш имкониятига эга бўлади. Бу ишлар кўп йиллар давом этмоқда.

— Демак, одамлар вакциналар ДНКга таъсир қилиши ҳақида гапирганда, салбий таъсирни назарда тутишади. Аммо, шу билан бирга, ўз фарзандларини қутқариш учун геномни ўзгартирадиган технологиялар тез орада пайдо бўлишини орзу қиладиган одамлар ҳам бор.

— Ҳа. Генетик касалликларга чалинган болалар кам эмас. Ота-оналар уларни қутқариш учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёр. Ўзбекистонда биз қандайдир диагностикани амалга оширишимиз мумкин, лекин бундай касалликларни генетик-муҳандислик билан даволашнинг бизнинг мамлакатимизда имкони йўқ.

Умуман олганда, инсон геномининг барча манипуляциялари бутун дунёда тақиқдаги мавзудир. Бу каби ишларни олиб борадиган баъзи тадқиқот марказлари бор, лекин бу борасида кўплаб ахлоқий тўсиқлар мавжуд.

Баъзи касалликлар ушбу технологиялар ёрдамида муваффақиятли даволанмоқда. Аммо бу жуда мураккаб жараён. Хавфсизликни таъминлаш учун инсон геномига ҳар қандай аралашув минг марта текширилиши ва қайта текширилиши керак.

Шунинг учун баъзи бир кичик генетик касалликларнинг давоси бор. Аммо олимлар генетик касалликларнинг кўпини лаборатория шароитида ўрганишни эндигина бошлашмоқда. Буни кенг омма орасида амалга ошириш учун жуда узоқ вақт керак бўлади.

— Жиддий ножўя таъсири бўлган вакциналар инсонларда синовдан ўтказилиши мумкинми?

— Клиниккача бўлган синов босқичида жиддий ножўя таъсирга эга бўлган дори ҳеч қачон инсон синовлари учун тасдиқланмайди. Клиниккача синовлар давомида ҳайвонларнинг юзлаб биокимёвий кўрсаткичлари ва бошқа параметрлари ўрганилади. Агар бу кўрсаткичлар меъёрида бўлса, демак, препарат хавфсиздир. Агар лаборатория ҳайвонлари ўзини ғайритабиий тутса, ўлса ёки уларнинг биокимёвий кўрсаткичлари меъёрга тўғри келмаса, препаратлар кейинги босқичга ўтмайди.

— Хўш, нима учун клиник синовларнинг турли босқичларида ва оммавий эмлаш пайтида турли хил ножўя таъсирлар аниқланади?

— Ножўя таъсирлари бўлади. Биз ҳаммамиз ҳар хилмиз. Кимдадир цитрус меваларга аллергия бор, кимдадир йўқ. Буларнинг барчаси фақат индивидуал ҳолатдир, лекин кўпчиликда аллергия йўқ ёки ёшга қараб пайдо бўлади. Вакциналарда ҳам шундай ҳолат.

Олимлар ножўя таъсирларни аниқлайдилар. Аммо қанча фоиз ҳолларда? Одатда кичик. Одатда, ножўя таъсирларнинг аксарияти аҳамиятсиз. Агар 100% ҳолларда инъекция жойи оғриса, бу ножўя таъсирми? Албатта. Аммо, эҳтимол, кўпчилик жиддий касал бўлмаслик учун бир кунгина оғриққа сабр қилишга рози бўлса керак.

Жиддий ножўя таъсирларнинг фоизи жуда паст. Шу билан бирга, препаратни ишлаб чиқувчи ҳар доим бундай таъсир ҳақида гапиради. Агар сиз бирор бир дори учун қўлланмани очсангиз, унда: «Оғиз қуриши — кўп ҳолларда. Ачишиш, қуруқ йўтал — камдан-кам ҳолларда» ва ҳоказо деб ёзилади. Янги маълумотлар тадқиқот жараёнида пайдо бўлади ва доимий равишда янгиланади. Олимлар ва ишлаб чиқарувчилар уларни қўлланмага киритиб боришга мажбурдирлар.

Асосий ва энг кўп учрайдиган ножўя таъсирлар клиник синовларнинг дастлабки икки босқичида аниқланади. Аммо III босқич одамларнинг катта гуруҳларида ўтказилади. Илгари рўйхатга олинмаган бошқа ножўя таъсирлар тўғрисида маълумотлар пайдо бўлиши ҳам мумкин.

— Оммавий эмлаш пайтида ZF-UZ-VAC2001нинг ножўя таъсири қандай аниқланади? Агар одам ўзини огоҳлантирилганидек эмас, балки ундан ёмонроқ ҳис қилса, бирор жойга мурожаат қилиши мумкинми?

— Ножўя таъсир фақат клиник синовлар доирасида қайд қилинади ва ўрганилади. Агар сиз оддий фуқаро сифатида эмлашга борган бўлсангиз, албатта, бу ҳақда даволовчи шифокорингизга айтишингиз мумкин, бироқ, бу маълумот вакцина ишлаб чиқарувчиларга маълум бўладими йўқми, билмайман.

— Баҳорда оммавий ахборот воситалари оммавий эмлаш босқичида AstraZeneca препарати билан эмланганларда юзлаб тромбоз ҳолатлари учрагани ҳақида ёзишди. Бошқа давлатлар бу ножўя таъсирларни қандай қайд қилишганини биласизми?

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай ҳолатларни рўйхатга олиши керак. Менимча, улар бизнинг Соғлиқни сақлаш вазирлигимизга ўхшаган идора томонидан бошқариладиган марказлаштирилган маълумотлар базасига эга. Ўйлашимча, эмлаш пунктларидаги ҳар бир шифокор ёки тиббиёт ходими ҳар бир бемор бўйича маълумотни киритади.

Марказлаштирилган маълумотлар базаси маълумотларни турли мезонларга кўра саралаш имконини беради. Масалан, ножўя таъсири ёки мушакларнинг оғриғи, руҳий касалликлари ва бошқалар бўйича. Менимча, бизнинг Соғлиқни сақлаш вазирлигимизда бундай тизим мавжуд ва барча эмланган аҳоли учун бундай қайдлар олиб борилади.

— Ножўя таъсирлар баъзи соғлиқ муаммолари фонида пайдо бўладими ёки улар мутлақо соғлом одамларда ҳам бўлиши мумкинми?

— Мен ўқиган маълумотларда AstraZeneca билан эмланишдан кейин тромбознинг ушбу саноқли ҳолатлари ҳозирда ўрганилмоқда. Ҳозирча олимлар бунинг сабабини тушуна олишмаяпти. Аммо агар бу таъсир жуда кам сонли одамларда кузатилса, эҳтимол бу одамнинг баъзи генетик хусусиятларига боғлиқдир. Эҳтимол, бу баъзи омилларнинг тасодифидир.

Эмланмаганлар орасида тромбоздан ўлганлар эмланганларга қараганда кўпроқ. Тромбоз, эҳтимол, одам эмлангани учун содир бўлмас, балки бу шунчаки тасодифдир. Балки у барибир ҳам тромбоздан вафот этган бўларди.

Аниқ бўлмаган маълумотларга асосланиб хулоса чиқариш мумкин эмас. Бу худди эмланганлар аварияларда вафот этади дейиш билан баробар. Тўлақонли тадқиқот олиб бориш зарур. Агар бир неча ўнлаб ёки юзлаб миллион одамлардан мингтаси қандайдир патологияга дучор бўлган бўлса, худди шу оқибатлардан эмланмаган қанча одам ҳалок бўлганига ҳам эътибор қаратинг. Буни қандай солиштириш мумкин?

— Вакцинанинг ножўя таъсири 10 йилдан кейин ёки ундан кўп вақт ўтгач пайдо бўлиши мумкинми?

— Биз буни билмаймиз. Бироқ, бу саволингизга кўпроқ эҳтимол билан йўқ деб жавоб бериш мумкин. Чунки болалигингизда сиз ҳам турли вакциналар билан эмлангансиз, лекин ўзингизни яхши ҳис қиляпсизку.