19 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида Ҳисор давлат тоғ-арча қўриқхонасининг сайёҳлик маркази очилди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Янги ташриф маркази биологик хилма-хиллик ва табиий ресурсларни асраш ва уларга ғамхўрлик қилиш муҳимлиги ҳақидаги экологик билимни оширишга қаратилган.

Ташриф марказининг асосий кўргазма майдонида ёввойи ҳайвонлар ва қўриқхона фаолият йўналишлари, ёввойи табиат дуч келадиган таҳдидлар ҳақида ҳикоя қилувчи стендлар мавжуд. Шунингдек, олимлар томонидан олиб борилаётган жорий тадқиқот ишлари билан бирга, инспекторларнинг фаолияти ҳам тақдим этилган.

Бу БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), Глобал экология фонди (ГЭФ) ҳамда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг «Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун муҳим бўлган асосий тоғли ҳудудларда табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш» қўшма лойиҳасининг бир қисмидир.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматини тоғ экотизимларига эътибор қаратган ҳолда биологик хилма-хилликни сақлаш масалаларини ҳал қилишда қўллаб-қувватлайди. Биргаликда олиб борилаётган ишларнинг асосий қисми табиатни муҳофаза қилиш ҳудудлари билан буфер зонада яшовчи аҳолига экологик таълим беришга қаратилган.

Маросимда Ўзбекистонга биринчи марта расмий ташриф билан келган БМТТДнинг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори ўринбосари Марина Волтер иштирок этди.

«Билим ва ахборот алмашинуви бўйича янги платформалар, инновацион экспонатлар, нашрлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар, айниқса болалар билан баҳс-мунозаралар орқали ташриф маркази кислород, тоза сув ва ҳавонинг муҳим манбаси бўлмиш Ҳисор минтақаси экотизимларининг аҳамиятини, шунингдек чанглатиш жараёнлари, ҳашаротлар популяциясини назорат қилиш, оқава сувларни қайта ишлаш ва бошқа муҳим табиий жараёнларнинг муҳимлигини янада тўлиқроқ тушунишни шакллантира олади, деб умид қиламан», — деди Марина Валтер.


Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури Экология давлат қўмитасига ўсимликларни ўрганиш, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш ва қоидабузарликларни бартараф этиш имконини берувчи учувчисиз учиш аппарати ҳамда маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш учун зарур бўлган, барча нарсалар билан жиҳозланган автомашинани топширди. Эндиликда Экология қўмитаси ходимларидан иборат жамоа республиканинг исталган нуқтасига саёҳат қилиш учун мобил тарзда бора олади.