Ижтимоий тармоқларда Андижондаги хонадонлардан бирида икки вояга етмаган фуқаронинг жасади топилгани ҳақида хабар тарқалди. Бунга Андижон вилояти прокуратураси муносабат билдирди.

Таъкидланишича, воқеа Андижон шаҳар Зафар кўчаси 4-уйда содир бўлган. Шу хонадонда яшаб келган, вояга етмаган С.Ў. ва Р.Ў нинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди (Икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган, дейилади хабарда.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан ўтказилмоқда.

Тергов ҳаракатлари шахсан вилоят прокурори томонидан назоратга олинган.