Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари учун ягона аэропорт қуриш зарурияти нимадан иборат эканлигини тушунтириш берди.

Унинг сўзларига кўра, президентга Ўзбекистон аэропортларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси доирасида Фарғона водийси аэропортларини ривожлантиришнинг иккита сценарийси тақдим этилган.

«Ривожлантиришнинг биринчи сценарийси — аэропортларни ҳозир жойлашган ўринларида реконструкция қиламиз ва янгиларини қурамиз. Биз SWOT-таҳлиллар ўтказдик: плюс ва минуслари, хавф-хатарлар ва афзалликларни ҳисоблаб чиқдик. Инвестициялар нуқтаи назаридан камчиликларимиз кўп бўлиб чиқди», — деди у.

Раъно Жўраевнинг таъкидлашича, ҳар учала вилоят аэропортлари шаҳар ичида жойлашган бўлиб, фақат бир томондан қўниш мумкин, соатига олтита самолётнинг ўтказиш имконияти чекланган.

«Янги йўлакларни қурган тақдиримизда ҳам, улар бизга боғлиқ бўлмаган „тор бўғиз“ нуқтаи назаридан асосий чекловини сақлаб қолишади. Агар биз ҳозирги ўринларида реконструкция ёки янги қурилишга катта маблағ сарфласак, бу ишни бир йил эмас, икки йил эмас, балки 20−30 йил давомида амалга ошираётганимизни ҳисобга олсак, эҳтимол бу ушбу даврда ҳудуднинг ривожланишга тўсқинлик қилади. Ва, эҳтимол, бошқа жойда қурган маъқулдир», — деб ҳисоблайди Раъно Жўраева.

Иккинчи сценарий бўйича Фарғона водийси учун ягона аэропорт қуриш таклиф қилинмоқда. Компания раҳбарининг сўзларига кўра, хусусий инвесторлар ва операторлар концессия шартномаларида 300 километрлик зонада бошқа аэропортлар бўлмаслигини талаб қилмоқда.

«Бу ерда эса бизда 100 километрлик зонада учта аэропорт бор экан: барчаси халқаро ва ҳаммаси кам қувватли. Шундай экан, бу уч вилоят учун ҳам бошқа жойда нолдан қурилган битта замонавий аэропорт бўлса, самаралироқ бўларди», — деди у.

Uzbekistan Airports раҳбари янги аэропортда янги технологиялар, юқори тезликда ҳаракатланувчи такси йўллари, магистрал йўллардан фойдаланиш кўзда тутилгани, бу орқали соатига 40 та самолётга хизмат кўрсатилишини таъкидлади. Бундан ташқари, янги аэропортда инфратузилмани кенгайтириш учун етарли ер майдони бўлади.

«Ҳозир бизга, масалан, 1200 кишилик терминал керак, 10 йилдан кейин эса 2400 кишига керак бўлади. Бу терминалларни қуриш ва тугаллаш учун ер етарли. Ҳозир ҳеч қаерда бундай имконият йўқ. Агар юк терминали ҳақида гапирадиган бўлсак, Фарғона водийси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва жўнатиш бўйича яхши логистика марказини таклиф қилади», — дейди у.

Раъно Жўраева: «Пул кам бўлса, капитални бир нуқтага йўналтирган маъқул, кўп бўлса, учта аэропорт қуриш мумкин», — деб ҳисоблайди.