Жума ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво кузатилади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

«Ушбу кунларда ҳарорат фони ўртача кўп йиллик қийматлардан юқори бўлади ва +34…+39 даражани ташкил этади», — дейилади марказ хабарида. Жума куни жануб ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +40…+42 даражагача иссиқ бўлади.

18−19 июнь кунлари фақат Тошкент вилоятида, Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол 18−23 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзгидромет сўнгги уч йилда июнь ойи қандай ўтгани ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, июнь ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида, республика шимоли бўйича баъзи жойларда асосан меъёрдан 1−2 даражага юқори бўлиши кутилмоқда. Ой давомида республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида кундуз кунги ҳарорат +29…+32 даражадан +36…+39 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати +40…+42 даражагача кўтарилади.