Ижтимоий тармоқларда аёл ўзининг 1,5 ёшлар атрофидаги фарзандини ухламагани учун калтаклагани акс этган видео тарқалди.

Воқеа тахминан Самарқанд вилоятидаги шифохоналарнинг бирида содир бўлган. Тасвирларда аёл ёнидаги шеригига шу ухласа «биз ҳам вақтида ётардик» дея шикоят қилган. Шериги эса «яхши гап билан тушунтирса» бўлишини уқтиришга ҳаракат қилган.

Шу пайт у фарзанди жойини ўзгартирганда болакай йиғлай бошлаган ва аёл унга қарата: «Ўчир эээ овозингни. Ўчир, ўчир, ўчир» дея боланинг орқа мияси қисмига шапалоқлаб урган. Бола йиғлашдан тўхтамагач аёл уни силтаб, «ўл» дея бир неча маротаба калтаклаган. Видеода аёл: «Еб қўйдинг. Ёт [ухла]… Эй менга қара ҳозир уриб ўлдириб қўяман», — дея боласини кучли силтаб ташлаганини кўриш мумкин.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби Жахонгир Сагдуллаев мазкур воқеа 14 июнь куни Пайариқ туманида содир бўлганини маълум қилди.

«Туманнинг „Бошқўрғон“ МФЙда истиқомат қилиб келаётган (1988 й.т.) аёл 2020 йилда туғилган, вояга етмаган фарзандини даволатиш учун шифохонага олиб борган. У ерда стресс ва асабий ҳолатда фарзандига нисбатан ушбу ҳаракатларни содир этганлиги аниқланди», — деди у.

Қўшимча қилинишича, аёл руҳий соғлом ва ҳозирги кунда ўзининг турмуш ўртоғи билан яшаб келмоқда.

Ҳолат бўйича ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми (вояга етмаган шахсга нисбатан қийнаш ҳаракатларини содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Унга 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси хавф солмоқда.