Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги қитъа чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

Мазкур Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ярим финалда Олимпиада чемпиони — 17 жамоа ўртасида турнир фаворити ҳисобланган Япония терма жамоасини мағлуб этган ҳолда илк бор мусобақа финалига чиқди.

Мусобақа аввалида рейтингнинг 13-поғонасини банд этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Япония билан тенгма-тенг курашди, баъзида олдинга ҳам чиқиб олди. Охирги, тўққизинчи баҳс олдидан ҳисоб тенглашди — 31:31. Файзулла Алимов (жаҳон рейтингида 128-ўрин) Олимпиада чемпиони Коки Канога (жаҳон рейтингида 9-ўрин) рақиблик қилди ва 5:4 ҳисобида ғалаба қозониб, жамоасини Осиё чемпионати финалига олиб чиқди (видео).

Жанубий Корея терма жамоаси билан бўлиб ўтган финал баҳсида еттита жангдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси 27:24 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Аммо кореялик қиличбоз Юнгин Квон ўз жангида 8:1 ҳисобида ғалаба қозонди, Пак Сан Ён эса Алимов билан жанг қилган ҳолда 7:7 ҳисобидаги устунликни сақлаб қолди. Натижада финал беллашувини кореяликлар ўз фойдасига ҳал қилди — 38:35 (видео).

Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Роман Александров, Файзулла Алимов, Нодирбек Мўминов, Жавоҳир Нурматов ҳаракат қилишди.