Душанба куни президент Шавкат Мирзиёев стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Таъкидланишича, 2021 йил GSP+ тизими доирасида Ўзбекистон 6,2 минг турдаги маҳсулотларни Европага божсиз экспорт қилиш имкониятига эришди.

Шунга қарамасдан, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ўтган бир йилда Европа мамлакатларига экспорт қилинадиган маҳсулот турлари 79 та (жами 643 та)га, тадбиркорлар сони эса 102 та (жами 579 та)га кўпайган, холос.

Бироқ, бу соҳада ўсиш суръати жуда паст экани таъкидланиб, тўсқинлик қилаётган асосий омиллар санаб ўтилди:

  • стандарт, сертификация ва лаборатория масалаларига жавоб берадиган давлат идоралари экспортни кўпайтиришни ўзи учун устувор вазифа деб қарамаётгани;
  • стандарт, карантин, ветеринария идоралари ҳамда гигиеник лабораториялар ягона сиёсат юритмасдан, тадбиркорга кўмакчи бўлмаётгани;
  • ҳудудларда 150 та замонавий лаборатория ташкил этишга эҳтиёж мавжудлиги.

Маълум қилинишича, қуритилган мевани экспорт қилиш учун 27 хил турдаги таҳлил қилинадиган лаборатория талаб этилади. Бироқ, президент Ўзбекистонда бирорта ҳам бундай лаборатория йўқлиги, тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб кириш учун зарур бўлган 61 та лаборатория таҳлилининг 16 таси йўлга қўйилмаганини танқид қилди.

«Энг муҳими, тадбиркор бу муаммолардан маҳсулотини Европага олиб боргандан кейин хабар топаяпти», — дейилади хабарда. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тадбиркорлар билан ишлаш, ўқитиш, мулоқотни йўлга қўймаган.

Йиғилишда ушбу идора раҳбарларига 20 мингта ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан ишлаб, йил якунига қадар Европага экспорт қилувчи корхоналар сонини 2 мингтага кўпайтириш вазифаси қўйилди. Улар бир ой муддатда қайси стандартни жорий қилиш, қайси лабораторияни янгилаш бўйича дастур ишлаб чиқиши керак.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари ҳам ўз ҳудудида экспортчилар сонини ошириш ва янги лабораториялар очиш бўйича дастур қабул қилади.

Бунда, Инвестиция вазирлигига:

  • халқаро сертификация талабларининг ичига кириб, қайси лабораторияни модернизациялаш ва қайси стандартни ўзгартириш каби масалаларни ҳал қилиш;
  • йил якунигача текстиль, электротехника, агро ва озиқ-овқат саноати бўйича 27 та халқаро кўргазмада иштирок этиб, камида 100 тадан экспортчиларни Европа бозорига олиб чиқиш топширилди.

Шунингдек, Техник тартибга солиш агентлиги йил якунига қадар халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сонини 3 баравар ошириб, 1 минг 200 тага етказади. Ушбу корхоналарда Европанинг 1,5 мингта стандартлари жорий этилади. Бу орқали, ҳар бир корхона халқаро лаборатория хулосалари учун 1 млрд сўм иқтисод қилиб, экспортга кетадиган вақти 3 ҳафтагача қисқаради.

Бундан ташқари, агентлик 121 та лаборатория хулосаларини халқаро стандартларга мослаштириб, камида 100 та давлатда тан олинишини таъминлади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимлари билан бирга мева-сабзавот етиштирилаётган 200 минг гектар майдонни халқаро талабларга мослаштириш;
  • йил якунигача 249 та мева-сабзавот кластерлари билан ишлаб, халқаро бозорларга экспорт қиладиган корхоналар сонини 400 тагача ошириш топширилди.

Вазифалар орасида йил якунигача 13 та ҳудудий агрокимё лабораторияни жиҳозлашга 10 млн доллар йўналтирилиши ҳам айтиб ўтилди.

Ветеринария қўмитасига вилоят ҳокимлари билан бирга йил якунига қадар чорвачилик маҳсулотларини экспорт қилувчилар сонини 1,5 бараварга ошириб, 700 тага етказиш юклатилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати эса вилоят марказларидаги 14 та лабораторияни халқаро аккредитациядан ўтказади.

Қолаверса, Божхона қўмитаси 1 октябргача экспорт, импорт ва транзит бўйича барча сертификат ва рухсатномаларни «Ягона дарча» орқали юритишни йўлга қўяди.