Ўзбекистонда шу вақтгача 292,6 минг гектар майдонда чигирткалар тарқалгани аниқланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова маълумот берди.

Таъкидланишича, аслида Марказий Осиё иқлим жиҳатидан азалдан чигирткаларнинг макони бўлган. Ўзбекистонда 200 дан ортиқ чигиртка тури мавжуд бўлиб, ушбу ҳашаротлар тўда ҳосил қилувчи ва тўда ҳосил қилмайдиган турларга бўлинади.

Республикада ҳар йили 6−8 турдаги тўда ҳосил қилувчи зарарли чигирткаларга қарши комплекс кураш чора-тадбирлари олиб борилади. Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Қорақолпоғистон Республикасида зарарли чигирткалар кўп тарқалган ва бу ҳудудларда кимёвий кураш ишлари давом этмоқда.

«Бугунги кунгача мамлакат ҳудудида 292,6 минг гектар майдонда чигирткалар тарқалганлиги аниқланган. 284,0 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилган. Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий, Сирдарё, Бухоро, Андижон, Хоразм, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳудудида кимёвий ишловлар ўтказилди», — дейилади хабарда.

Сабина Садинованинг сўзларига кўра, энг катта ишлов берилган майдонлар ҳудуди Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақолпоғистон Республикасига тўғри келади.

Шунингдек, агентлик зарарли чигирткаларнинг қўшни республикалардан учиб ўтиш хавфи ҳам мавжудлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Аксий туманида экин майдонларда Марокко чигирткаси кескин кўпайиб кетаётгани хабар қилинганди. «Газета.uz» бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу вазият назоратга олингани ва тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди. Таъкидланишича, жорий йилда қўшни давлатлардан 50−60 минг гектарга чигирткалар учиб ўтиш хавфи бор, шу боис Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззахда кимёвий ишлов ишлари олиб борилмоқда.