2020 йилнинг октябрь ойида Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Оққўрғон маҳалласида яшовчи 46 ёшли Р. И. турмуш ўртоғини калтаклаб, ўлдириш билан таҳдид қилиб, унга фарзандининг нажосатини зўрлаб едирган эди. Эркак қизини бу жараёнларни камерада тасвирга олиш мажбурлаганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судининг 2021 йил 14 декабрь кунги ҳукмига кўра, эркак Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисми (қийнаш) билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маҳкум шу кунга қадар белгиланган жазонинг тўртдан бир қисмини ўтаган. Ўталмай қолган жазо муддати 2 йил 2 ой 26 кунни ташкил этади.

Олий суд матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, маҳкум Р. И. ушбу жиноят иши бўйича жазони енгиллаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритган.

Қайд этилишича, Р. И. қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Унинг жазони ўташ даврида колония томонидан ижобий тавсифлангани, меҳнатга виждонан ёндашгани, ўрнатилган тартиб-қоида, талабларни бажаргани инобатга олиниб, суд илтимосномани қаноатлантириш ва енгилроқ жазо билан алмаштириш ҳақида қарор қабул қилган.

Суд ажримига кўра, Р. И.нинг Жиноят кодексининг 74-моддасига (жазони енгилроғи билан алмаштириш) асосан ўталмай қолган жазоси ҳар ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 йил 2 ой 26 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.

Унга жазонинг ўталмай қолган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган тақдирда Жиноят кодексининг 60-моддасида (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо берилиши мумкин.