Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни имзолаган қарорга кўра, 1941−1945 йиллардаги уруш қатнашчилари, фашистик конслагерларнинг вояга етмаган маҳбуслари ва Ленинград қамали даврида меҳнат қилган фуқаролар, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиеник товарлар ўрнига ҳар ой БҲМнинг 1 баравари миқдорида қўшимча тўлов тўланади.

Ҳужжатда қайд этилишича, янги тартиб манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, фуқароларнинг ушбу тоифаларини давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этишга йўналтирилган.

Қўшимча тўлов Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан пенсияларни ва нафақаларни тайинлашга масъул бўлган ташкилотга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида тақдим этиладиган маълумотлар асосида амалга оширилади.

Рўйхатга олинган фуқароларга бепул етказиб бериладиган зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ўрнига кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида БҲМнинг 15 баравари (4 млн 500 минг сўм) миқдорида тўланади.

Пенсия жамғармаси ҳисобида турган пенсия ва нафақа олувчиларга қўшимча тўловлар ва компенсациялар Пенсия жамғармаси ва республика бюджети маблағлари ҳисобидан, вазирлик ва идоралар томонидан тайинланган пенсия ва нафақа олувчилар учун эса — уларга ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Қарор имтиёзли тоифадаги шахсларга маҳаллий бюджетлар, «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда моддий кўмак ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш белгиланди.