6 июнь куни ЮНИСЕФ Ўзбекистонда миллий иммунизация тизими ва бутун соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига компьютерлар топширди, деб хабар берди ташкилот матбуот хизмати.

2150 та компьютер Ўзбекистонда самарали вакцина ва иммунизация бошқарувини татбиқ этиш, шунингдек бирламчи тиббиёт муассасалари фойдалана олиши мумкин бўлган соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш функционал ахборот тизимини мукаммаллаштириш имкониятларини кенгайтиради.

ГАВИ кўмагида етказиб берилган $1,5 млнлик жиҳозлар бутун мамлакат бўйлаб эмлаш жойлари ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатилади.


«Компьютерлардан вакциналар ва эмлаш бўйича самарали ахборот тизимларини яратишга фойдаланилади. Улар инновацион ахборот тизимининг асосини ташкил этади ҳамда режали иммунизация мақсадларида, шунингдек COVID-19 пандемиясига қарши кураш стратегияси доирасида ишлатилади», — қайд этди ЮНИСЕФ.

«Ҳар бир тиббиёт муассасасига етказилган бу оддий сармоялар Ўзбекистонда эмлаш бўйича кенг қамровли ахборот тармоғи ва электрон ахборот тизимини шакллантиради, — деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — ГАВИ кўмагида бизда самарадорликни ошириш, эмлашдан бош тортиш ҳолатларини ўрганиш, реал вақт режимида тенденцияларни аниқлаш, ва ниҳоят, соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликлар ва имкониятларни аниқлаш имкониятига эгамиз».

Эслатиб ўтамиз, бундан бир ҳафта аввал USAID ва ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг миллий иммунизация тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ССВга совуқ занжирли ускуналар — 671 та совутгич, 212 та музлатгич ва 150 та компьютер топширган эди.