2 февраль куни Бухородан Новосибирскка учаётганида багажида учувчисиз учиш қурилмаси — квадрокоптер аниқлангани сабабли уй қамоғига олинган россиялик блогер Максим Лимар озод этилди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар бермоқда.

Хабарда таъкидланишича, Максим Лимар айни вақтда уй қамоғидан озод этилган ва 9 февраль куни Новосибирскка қайтиб кетишга тайёргарлик кўрмоқда.

Россия элчихонаси «ушбу масалани тезкор ҳал этишда ёрдам бергани учун» Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирган.

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, дрон вақтинчалик сақловга олинган, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Россиялик блогер Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганида багажида квадрокоптер топилгани сабабли уй қамоғида сақланаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бухоро вилояти божхона бошқармаси ушбу ҳолат бўйича экспертиза тайинлангани, блогерга нисбатан эркин яшаши учун ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаганлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан бошлаб учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланган эди, Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган ҳолатларгина бундан мустасно. Дронлардан фойдаланишга рухсатни фақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари идорага доир вазифаларни бажариш учун олишлари мумкин.

2018 йилнинг ёзида Ўзбекистондаги маданий-тарихий ёдгорликлар, табиат бойликларини тарғиб қилиш мақсадида чет эл ижодий гуруҳларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратлари, жумладан дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилди. Янги тартибда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни хоҳлаган ижодий гуруҳлар Давлат туризм қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» Миллий агентлигига ижодий гуруҳ ва тасвирга олиш жойлари ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига уларни вақтинча олиб кириш ва фойдаланишга рухсат беришни сўраб мурожаат қилишлари лозимлиги белгиланганди.