Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Фарғонанинг 10-сон тергов ҳибсхонасида ўғлини калтаклашгани ҳақида шикоят билан чиққан онанинг мурожаатини ўз назоратига олди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Ҳибсдаги фуқаро С.Қ. ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми «а,в» бандларида назарда тутилган жиноят содир қилганликда айбланиб, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ажримига асосан сақлаш учун 10-сон тергов ҳибсхонасига олиб келинган.

29 май куни эълон қилинган видеода блогер Олимжон Хайдаров 2021 йилнинг 8 август куни Сунатилло Қамчиев ЖКнинг 166-моддасидаги жиноятни содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган ва ҳозирда Фарғонанинг 10-сонли ҳибсхонасида сақланмоқда. 25 май куни Сунатиллонинг онаси ўғли ва яна 14 нафар маҳбус номидан аризаси қайд этилган мактубни олди.

Шикоят сурати видео тасвирларда етарли даражада аниқ кўринган. Муаллифнинг сўзларига кўра, 24 май куни ҳибсхона ходимлари томонидан кунлик текширув вақтида маҳбусларлардан бири қизил тошма тошганлигидан шикоят қилган ва тиббий ёрдам кўрсатишларини сўраган. Қамчиевнинг қайд этишича, Низом исмли ходим уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган, дори берилмаслиги ва тиббиёт ходимлари йўқлигини таъкидлаган.

Қамчиевнинг ёзишича, ходимдан Жиноят процессуал кодексининг 17-моддаси (Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш) ва Жиноят кодексининг 4-моддаси (Қонунийлик принципи) доирасида камситмаган ҳолда ҳаракат қилишини сўраган ва қуйидагича жавоб олган: «Шу қонунларингни мен ёзганман, бу ёққа кел «терпила». Шундан сўнг, уни йўлакка чиқариб, калтаклашган. Муаллифнинг сўзига кўра, Ойбек исмли ходим унга қарата: «Сендака «терпилаларни» кўпини кўрганман, хоҳласам ўлдириб юбораман, бу ердан сенинг ўлигинг чиқади», дея таъкидлаган ва бир неча маротаба Сунатиллонинг бошини деворга урган.

Қўшимча қилинишича, кейин Умид исмли ходим унга жароҳат етказаётган ходимнинг қўлидан ажратиб олган ва камерага қайтарган, унга ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт ходимларини ҳам чақириб берган.

Сунатилло Камчиев бўлган воқеалардан сўнг у ўз соғлиғидан қаттиқ хавотир олаётганини ёзган ва Фарғона вилояти ички ишлар органларидан уни ўз ҳимоясига олишларини ҳамда ҳибсхона ходимларига нисбатан қонуний чоралар кўришларини сўраган.

Видеода шунингдек, бир гуруҳ маҳбусларнинг Фарғона вилояти прокуратурасига 24 май куни бўлган воқеа юзасидан ёзган шикояти ҳам келтирилган. Аризада Сунатилло Қамчиевнинг бош, оёқ, юз, қулоқ ва қўл қисмларига жароҳат етказилгани ва қонталаш бўлиб қолгани қайд этилган.

Видео муаллифи Олимжон Ҳайдаров Сунатилло билан шу каби ҳолат бир йил аввал ҳам содир бўлгани ва у қўлларини кесиб ташлаш орқали ўз жонига қасд қилишга уринганини маълум қилди. Уни ҳаётини сақлаб қолишган, бироқ, ҳибсхона ходимлари бу ҳақда унинг оила-аъзоларига хабар бермаган. Сунатилло қўлини кесганини суд жараёнида унинг онаси кўриб қолган. Унинг онасига ҳибсхона бошлиғи бу гап-сўзлар ташқарига чиқмасин, бирор жойга арз қилиб ёзманг, ўғлингизга бошқа тегишмайди деб айтган. Сунатиллонинг онаси юз хотир қилиб, ўғлини урмасликларини, қонун доирасида ўз жазосини олишини сўраган. Бироқ, мазкур ҳолат яна такрорлангач маҳбуснинг онаси блогерга мурожаат қилиб чиққани маълум қилинди.

Аёлнинг сўзларига кўра, у ўз ўғлидан ҳақорат қилишларига жавоб бермасликни ва ҳибсхона ходимлари томонидан камситиш ҳолатларига кўз юмишни сўраган. «Биринчи марта шикоят қилишга қўрқдим, чунки ўғлимни яна уришлари мумкин эди», — дея такрорлади маҳбуснинг онаси.


Омбудсман офиси хабар беришича, 31 май куни Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили Алишер Камилов 10-сон тергов ҳибсхонасига бориб, маҳбус С.Қ. билан суҳбатлашган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича терговга кадар текшируви жараёнлари тугаганидан кейин Омбудсман расмий муносабат билдириши маълум қилинди.