Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги Ворух жамоати ҳудудида отишма содир бўлди, деб хабар берди «Азия-Плюс» нашри. Қайд этилишича, Тожикистон томонидан 1 нафар чегарачи тан жароҳати олган.

«Чегарачининг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. У шифохонага етказилган, шифокорлар унга зарур тиббий ёрдам кўрсатмоқда», — деган нашр манбаси.

Манбага кўра, айни дамда тожик-қирғиз чегарасида вазият барқарор, бироқ кескинлик сақланиб қолмоқда.

Қирғизистон ОАВлари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати матбуот марказига таяниб, икки киши яралангани ҳақида хабар бермоқда.

«Отишма тугади, ҳар икки томондан ярадорлар бор. Икки қирғиз ҳарбийси яраланган. Дастлабки маълумотларга кўра, ярадорлардан бирининг аҳволи оғир, иккинчисининг жароҳати ўртача», деб ёзади 24.kg нашри.

Нашрнинг кейинчалик тўлдиришича, чегара хизмати иккинчи аскар жароҳатлангани ҳақидаги хабарни рад этмоқда.

«Чегара хизмати директорининг биринчи ўринбосари Марат Маралбаевнинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматчи ўқ жароҳати олган. Бироқ чегарачи айнан қаерда ва қандай ҳолатда яраланганига аниқлик киритмаган. Шу билан бирга, Марат Маралбаев Соғлиқни сақлаш вазирлигининг иккинчи чегарачи жароҳат олгани ҳақидаги маълумотини рад этди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматчи ҳарбий юкларни кўтараётганда бел ва бошидан жароҳат олган. Унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда», дейилади қирғиз нашри маълумотида.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма бугун маҳаллий вақт билан соат 12:00 атрофида содир бўлгани айтилмоқда. Юз берган ҳодисада икки томон бир-бирларини айблашяпти.

Қирғизистоннинг 24.kg нашри ёзишича, «Қирғизистон чегара хизмати қўшни республика ҳарбий хизматчиларини аниқлади. Улар шартли чизиқ чегара чизиғини ноқонуний кесиб ўтиб, Қирғизистон ҳудудига киришган. Ҳудудни тарк этиш талабларини эътиборсиз қолдирган тожик чегарачилари қирғиз ҳарбийларига қарата ўт очган. Икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма бўлиб, тожик томони миномётлардан фойдаланган».

«Азия-Плюс» нашрининг Ворух жамоатидаги манбасига кўра, «отишма қирғиз чегарачилари тожик чегарачилари назорати остидаги ҳудудга ўтиб, тожик чегарачиларининг ҳудудни тарк этиш ҳақидаги талабларини эътиборсиз қолдирганидан кейин бошланган».

Эслатиб ўтамиз, икки давлат чегарасида бу каби отишма йил бошидан бери доимий кузатилмоқда.

Масалан, 27 январь куни кечқурун Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида оғир ўқотар қуроллар қўлланган ҳолда қуролли тўқнашув содир бўлди. Қирғизистон томонидан 11 ҳарбий яраланди. Тожикистон томонида қурбонлар бўлганди — маҳаллий аҳоли ва тез ёрдам ҳайдовчиси. Яна тўрт нафар тинч аҳоли ва олти нафар ҳарбий жароҳатланганди.

Бундан ташқари, 10 март куни соат 10:00 ларда Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегарадаги Исфара тумани Чоркуҳ маҳалласида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир бўлди. Отишма 10 дақиқа давом этганди. Бунинг оқибатида Тожикистон томонидан бир чегарачи ҳалок бўлди, икки нафари яраланди.

Шунингдек, 12 апрель куни кечқурун Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида чегарачилар ўртасида яна отишма содир бўлганди. Тожикистон томони бир киши, қирғизистонликлар икки нафар ярадор ҳақида хабар берганди.