10 март куни соат 10:00 ларда Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегарадаги Исфара тумани Чоркуҳ маҳалласида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир бўлди. Бу ҳақда Тожикистоннинг Asia-Plus нашри маҳаллий аҳолининг сўзларига таяниб хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Қирғизистон чегарачилари Тожикистон ҳудудига ўтиб, тожик чегарачиларидан ушбу ҳудудни тарк этишни талаб қилишган. «Қирғиз чегарачилари биринчи бўлиб ўт очган. Тожикистон томони эса жавоб берган», — деган маҳаллий аҳолидан бири.

Отишма туфайли Тожикистон томонидан бир чегарачи ҳалок бўлди, яна икки нафари яраланди.

Фуқаронинг сўзларига кўра, ҳозирда икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари жойларда иш олиб бормоқда, вазият таранглигича қолгани айтилмоқда.

«24.kg» нашри (Қирғизистон) берган хабарга кўра, тожик чегарачилари Боткен туманининг Тескеи ҳудудидаги чегаранинг белгиланмаган қисмида хизмат ўташ чоғида ҳаракат йўналишини ўзгартириб, янги чегара чизиғига киришган ва Қирғизистон чегарачиларидан жойни тарк этишни талаб қилган.

«Тожикистон чегарачилари турган жойга қўшимча кучлар етиб келди. Улар ўзларининг сон жиҳатдан устунликларидан фойдаланиб, янги чегарага чиқишга ҳаракат қилишди. Бироқ Қирғизистон чегарачилари бунга имкон бермади. Натижада 10 дақиқага яқин давом этган отишма бошланди. Отишма натижасида қирғиз томонидан ярадорлар ва жароҳатланганлар йўқ», — дейилади Қирғизистон Чегара хизмати хабарида.

Шунингдек, томонларнинг чегара вакиллари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтгани ва музокаралар давом этаётгани қайд этилган.

Музокаралар натижасида қуйидаги қарорлар қабул қилинган, дея хабар берди «24.kg» нашри:

  • томонларнинг ҳар бири 10 март куни содир бўлган қуролли ҳодиса бўйича ўз текширувини ўтказади, дастлабки натижалар Қирғизистон ва Тожикистон чегара идоралари раҳбарларининг 12 мартга белгиланган учрашувида эълон қилинади;
  • томонларнинг ҳар бири чегарадош қишлоқлар аҳолиси ўртасида тушунтириш ишларини давом эттиради.

Таъкидланишича, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокимлари можаролар ва улар авж олишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўришга киришган.

Мулоқот чоғида икки давлат чегара бошқармалари ҳарбий хизматчилари томонидан Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида ҳарбий хизматчиларнинг юриш-туриш қоидаларига риоя этилиши юзасидан масалалар кўриб чиқилган.

Соат 16:00 ҳолатига кўра, Қирғизистон-Тожикистон давлат чегараси участкасида вазият барқарор деб баҳоланмоқда.