12 апрель куни кечқурун Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида чегарачилар ўртасида отишма юз берди, деб хабар берди Асиа-Плюс.

Бобожон Ғофуров тумани раиси Зафарбек Давлатзоданинг нашрга маълум қилишича, икки давлат чегарачилари учрашувидан сўнг отишма тўхтатилган, вазият назорат остида ва барқарор деб баҳоланган.

«Радио Озоди» радиоси ўз манбаларига таяниб, яраланган 27 ёшли тожик чегарачиси ҳақида маълум қилди

Тожикистон чегара қўшинлари ҳозирча можарога расман изоҳ бермаган.

Қирғизистон чегара хизмати тожик чегарачилари чегарани кесиб ўтиб, қирғиз чегарачиларига қарата ўт очганини маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

«Тожикистон чегарачилари Қирғизистон чегарасини чуқур кесиб ўтишди. Қирғизистон Республикаси ҳарбий хизматчилари ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган, бироқ тожикистонликлар уларга қарата ўқ узган», — дейилади хабарда.

Қирғизистон томонининг маълум қилишича, отишмада икки киши — тинч фуқаро ва чегарачи яраланган.

Ярим тундан кейин томонлар доимий жойлаштириш пунктларига қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқиш ва воқеа жойида икки давлат делегацияларининг учрашувини ўтказишга келишиб олдилар.