Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнлари бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Yerхususiylashtirish автоматлаштирилган ахборот тизими орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш учун мурожаатлар келиб тушиш бошланди.

Мулк ҳуқуқини берувчи биринчи давлат ордери фуқаро Рамз Мухамадиевнинг тегишли аризасига кўра, Қўқон шаҳри, «Ёғ бозори» МФЙ, О. Махмудов кўчасида жойлашган ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган 271 кв.м ер майдони учун берилди.


Давлат активларини бошқариш агентлиги жамоаси Рамз Эркиновични Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Инсон қадри учун» тамойили асосида бошланган ислоҳотлардан бирининг биринчи самараси соҳиби бўлганликлари билан самимий муборакбод этади.

Бундан ташқари, қонунга мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини тадбиркорлик фаолияти учун мулк ва ижара ҳуқуқи асосида E-auksion электрон савдо платформаси орқали сотиб олиш имконияти яратилди.

1 июнь ҳолатига республика бўйичажами 22 мингдан ортиқ ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 10 мингга яқини мулк ҳуқуқида 1 185 та ер участкалари мулк ва ижара ҳуқуқи билан жами 140,1 млрд сўмга сотилди, шундан мулк ҳуқуқи билан сотилган ер участкалри 68 тани ташкил этади.

Жумладан, Sam-Maroqand-Oil МЧЖ томонидан E-auksion электрон савдо платформаси орқали Самарқанд шаҳар, «Расадхона» МФЙ ҳудудидаги сотиб олинган 1 410 кв.м. ер участкаси учун биринчи рақамли «Ер участкасига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери» берилди.


Давлат активларини бошқариш агентлиги Sam-Maroqand-Oil МЧЖ жамоаси ва таъсисчиларини шаффоф электрон аукцион савдоларида иштирок этиб ғолиб бўлганликлари билан қутлайди.

Агентлик фуқаролар, тадбиркор ва ишбилармонларни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини E-auksion электрон савдо платформаси орқали шаффоф савдоларда иштирок этишга ҳамда умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер майдонига мулк ҳуқуқини расмийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чорлайди.

Telegram: t.me/DAVAKTIVUZ

Реклама ҳуқуқлари асосида.