Президент Шавкат Мирзиёев 27 май куни «Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Ушбу қарорни қабул қилишдан мақсад — мамлакатдаги музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маркетинг сиёсати ва хизматлар соҳасини комплекс ривожлантириш, музейларга инновацион технологияларни самарали қўллаш, шунингдек, музейларда ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, биринчи ва иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломалар ҳаёти ва фаолиятига оид замонавий янги экспозицияларни яратиш, музей тўпламларидаги бой тарихий ва маданий меросни кенг тарғиб қилишдан иборат.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

2022−2023 йилларда давлат музейларида ташкил этиладиган қўшимча хизматларнинг манзилли режаси 1-иловага мувофиқ;

  • Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломалар ҳаёти ва фаолиятига оид 2022−2024 йилларда янги ташкил этиладиган экспозицияларнинг манзилли режаси;
  • 2022−2024 йилларда давлат музейларида ихтисослаштирилган реставрация лабораторияларини ташкил қилишнинг манзилли режаси 3-иловага мувофиқ;
  • Ноёб музей ашёлари ва коллекцияларининг репликацияларини тайёрлаш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича 2022−2026 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар;
  • Музейлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш режаси;
  • 2022−2023 йилларда музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури.

Музейларда хизматлар соҳасини кенгайтириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

  • давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади, шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин;
  • пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади. Қўшимча тўловлар тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби музейлар томонидан уларнинг юқори турувчи органи билан келишган ҳолда белгиланади;
  • давлат музейларига уларда ташкил этиладиган хизматлар учун Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳамда бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида қўшимча ходимларни жалб этишга рухсат берилади.

Давлат музейлари томонидан хизматларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, музейларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Маданий мерос жамғармаси маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Туркиянинг малакали компаниясини жалб этган ҳолда 2022 йил 1 ноябрга қадар жаҳоннинг машҳур музейларидаги энг илғор тажрибаларни қўллаган ҳолда Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат табиат музейи биноларини замонавий реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозицияларини яратиш ҳамда уларда хизматлар кўрсатиш соҳасини намуна сифатида тайёрлаётгани қўшимча қилинган. Харажатлар Тошкент шаҳри шаҳар бюджети маблағлари ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади.

Маълумот ўрнида, ҳозирда республикада 124 та музей фаолият олиб бормоқда, шундан 116 таси давлат ва 8 таси нодавлат музей ҳисобланади.