ДХХ ва ИИБ ЖҚБ ходимлари Самарқандда 5 сотих ерни 100 минг долларга сотишга уринганликда гумон қилинган фуқарони ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

Таъкидланишича, Самарқанд туманида яшовчи, вақтинча ишсиз Х.С. мазкур тумандаги фуқаронинг номига расмийлаштирилган иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 сотих ер майдонининг 5 сотихини бошқа бир фуқаронинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Харидор эса трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фабрика қуришни мақсад қилган.

Бунинг эвазига гумондор фуқародан 100 минг доллар талаб қилган. У сўралган пулнинг 70 минг долларини олаётган вақтида қўлга тушди.

Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Янгиҳаёт туманидаги 1 гектар ерни 1 миллион долларга сотишни ваъда қилган икки нафар шахсни қўлга олгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Қорақалпоғистонда 0,5 гектар ерни 47 минг долларга, Тошкентда 6 сотих майдонни 14 минг долларга ҳамда Бухорода 4 сотих ерни 9 минг долларга сотишга уринган шахсларни қўлга олгани ҳақида ёзган эдик.