Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 1 гектар ерни 1 миллион АҚШ долларига сотишга уринишди, деб хабар берди пойтахт ИИББ.

7 май куни 40 ёшли Шуҳрат бошқармага ариза билан мурожаат қилган. У ерни ноқонуний сотишни ваъда қилган икки шахсга нисбатан чора кўришни сўраган.

ИИББ ҳамда Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида икки нафар фуқаро 200 минг доллар миқдорида олдиндан тўловни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Қорақалпоғистонда 0,5 гектар ерни 47 минг долларга, Тошкентда 6 сотих майдонни 14 минг долларга ҳамда Бухорода 4 сотих ерни 9 минг долларга сотишга уринган шахсларни қўлга олгани ҳақида ёзган эдик.