Варшавада (Польша) бўлиб ўтаётган шахматнинг рапид йўналиши бўйича ФИДE жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпиони бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси хабар бермоқда.

17 ёшли ўзбекистонлик (Жаҳон ФИДE рейтингида — 2633 очко) рапид йўналишида кечган баҳсларда жаҳон рейтингининг кучли шахматчилари — Левон Аронян (2772) ва Фабиано Куруанани мағлуб этди. Шунингдек, Радослав Войташек ва Борис Гелфандни ҳам ортда қолдирди.

10-турда жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсенни мағлуб этди. Россиялик Владимир Федосеев (11-тур) ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга (12-тур) қарши кечган ўйинларда эса дуранг қайд этди.

Жаҳон чемпионатининг сўнгги ҳал қилувчи 13-турида Нодирбекка яна бир кучли шахматчи, польшалик Ян-Кшиштоф Дуда рақиблик қилди. Мазкур ўйин ҳам дуранг ҳисоб билан якунланди.

13-турдан кейин Нодирбек Абдусаттаров, Магнус Карлсен, Ян Непомняший ва Фабиано Каруаналар бирдек 9,5 очкога эга бўлди. Қоидаларга кўра, энди 4 нафар пешқадамнинг якуний натижаси тай-брекда аниқланиши керак эди.

Тай-брекда Нодирбекка Ян Непомняший рақиб бўлди. Аҳамиятлиси, бу баҳсда ҳам биринчи партия дуранг билан тугади. 2-бўлимда эса Нодирбек Абдусаттаров ғалаба қозониб, рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлди.