ДХХнинг Сирдарё вилоят бошқармаси, божхона ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Гулистон шаҳрида иккита майнинг ферма ноқонуний фаолият юритаётганини. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Гулистон шаҳрида яшовчи 1981 йилда туғилган муқаддам судланган шахс вилоят марказидаги нотурар бинолардан бирини ижарага олиб, яширин равишда электр тармоғига уланган ҳолда майнинг қурилмаларидан фойдаланиб келгани айтилмоқда. Бунинг ортидан давлатга қарийб 532 млн сўм зарар етказган, дейилади хабарда.

Текширув давомида унинг 19 дона майнинг қурилмаси ҳамда бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Яна бир ҳолатда эса Тошкент шаҳрида яшовчи 1990 йилда туғилган фуқаро Гулистон шаҳридаги ўзининг отасига тегишли бўлган МЧЖ биносида майнинг қурилмаларини ўрнатган. У февраль ойидан буён 40 минг АҚШ долларига тенг криптовалюта ишлаб чиқаргани айтилмоқда.

У майнинг соҳасида фаолияти учун фойдаланиладиган электр энергияси учун тўловларни белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўламасдан, фойдаланиб, давлатга 134 млн сўмдан ортиқ зарар етказган. Унинг 148 дона майнинг қурилмаси процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Эндиликда ҳар икки қонунбузар ҳаракатига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилади, дейилади хабарда.

Бу биринчиси эмас. 2021 йилнинг августида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Сирдарё вилоятида крипто-актив қурилмаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатини аниқлаганди. Корея ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган 3 нафар гумондор 9,2 млрд сўмлик 3529 дона компьютер қурилмасидан ва 265,2 млн сўмлик электр энергиядан қонунга зид равишда фойдалангани айтилганди.

2022 йилнинг март ойида ДХХ Боёвут туманида хорижий корхона ва маҳаллий МЖЧ биргаликда қуён етиштириш ниқоби остида ноқонуний майнинг ферма ташкил этганини аниқлаганди. Бунинг оқибатида фермада 2020 йилнинг августидан бери 7,7 млн долларга тенг криптовалюта ишлаб чиқарилгани, қолаверса, катта ҳажмдаги электр энергияси учун паст нархда тўлов қилиш орқали давлат манфаатига жуда кўп миқдорда зарар етказгани айтилганди.