ДХХ, ИИБ ва Миллий Гвардия Сирдарё вилояти бошқармалари, Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти ходимлари ҳамкорлигида Ховос туманида ўтказган тезкор тадбирда крипто-актив қурилмаларидан (майнинг-ферма) ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ховос туманида яшовчи, фуқаро Э.Д.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилган. Аниқланишича, фуқаро Х.И. компьютер эҳтиёт қисмларидан (видеокарта, блок питания, хотира картаси, плата) қўлбола усулда ясалган, катта ҳажмдаги крипто-актив қурилмаларидан лицензиясиз фойдаланиб келган.

Шунингдек, тадбир давомида электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати ўрганилган. Унда, 265,2 млн сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.

Фуқаро Э.Д. ва Х.И.лардан тахминий қиймати 9,2 млрд сўмлик 11 турдан иборат жами 3529 дона компьютер қурилмалари ва бошқа турдаги товар-моддий бойликлари ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган.

Фото: Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

Дастлабки текширув ва суриштирув натижасида бундай ноқонуний фаолиятни Корея давлати фуқароси S.Y. ва Ўзбекистон фуқароси Х.И. лар ўзаро олдидан тил бириктириб, амалга ошириб келаётгани маълум бўлган. Уларнинг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон президентининг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарори талабларига зид эканлиги айтилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.