Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Президентга умумий қиймати 182 млн долларлик 14 та лойиҳа тайёрланаётгани ҳақида маълумот берилди. Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда геология-қидирув ишлари кўлами ортганини таъкидлаб, соҳа олдига янада юксак мақсадларни қўйиш, қимматбаҳо ва нодир металлар қазиб олишни кўпайтиришга чақирди. У 2022−2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдонларни ўзлаштириш, замонавий хорижий бурғулаш ускуналарини қўллаш ва рақамли геологик моделни яратиш ҳисобига уран захираларини кўпайтириш кўзда тутилиши керак. Кейинги йилларда 27 та янги уран конлари топилди.

Шавкат Мирзиёев уран захираларини халқаро стандартлар асосида баҳолаш, шунингдек, энг янги технологиялар асосида рудадан уран олиш самарадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, «Навоийуран» давлат корхонасини ўзгартириш, хорижлик мутахассисларни жалб этиш ва технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида истиқболли конларни ўзлаштириш учун устав капитали 15 млн доллар бўлган «Янги Кон» лойиҳа офисини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Тузилма литий, алюминий, магний, графит ва бошқа ноёб металларни қазиб олиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади.

Давлат раҳбари жаҳон бозорида уран нархи барқарор ўсиб бораётгани, янги лойиҳаларда бу хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.

Малакали кадрларга бўлган талабни қондириш мақсадида Зарафшон, Ангрен ва Ғузор техникумларида геология йўналишларини кенгайтириш топширилди. Аввалроқ Геология фанлари университети ташкил этилиб, Навоий кончилик институтига университет мақоми берилган эди. Бундан ташқари, Пиза университети ва Санкт-Петербург кончилик университети билан қўшма дастурлар йўлга қўйилган. Бироқ, бу чоралар ҳали ҳам этарли эмас. Биргина Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида йилига 300 дан ортиқ ўрта бўғин мутахассиси талаб қилинади, дейилди йиғилишда.

Тақдимотда, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг 13 та туманида ер ости сувлари сатҳи 5 метрга, 9 туманда эса 20 метргача пасайгани айтилди. Масъул ташкилотларга ерости сувлари захираларини кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.