Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходими Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) ўтказилган аксилтеррор операцияси давомида ҳалок бўлди, яна 13 нафар ҳарбий хизматчи оғир жароҳат олди, деб хабар қилди мамлакат ИИВ матбуот хизмати.

Вазирлик маълумотларига кўра, «200 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳлар барча турдаги қуролларни қўллаган ҳолда» Рушон тумани марказида уч нуқтада Душанбе-Хороғ автомагистрали ва чегара комендатурасигача бўлган йўлни тўсиб қўйган. Маълумотда қайд этилишича, «жиноий гуруҳлар аввалдан бу ҳаракатларни амалга оширишга тайёргарлик кўрган ва худди шу мақсадда хориждан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар олиб келган».

«Фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан террорга қарши тезкор тадбир бошланди. Натижада 8 нафар жангари зарарсизлантирилди, 11 нафари яраланди, террорчилик гуруҳининг 70 дан ортиқ фаол аъзоси қўлга олинди», — дейилади хабарда.

ИИВ «жиноий гуруҳ Рушон тумани раиси ўринбосари Лайло Чоршанбиевани тўсиб қўйилган йўлни кесиб ўтгани учун калтаклагани ва унга тан жароҳатлари етказганини» таъкидлаган.


Фото: Видеодан лавҳа

Вазирликнинг таъкидлашича, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ, лекин интернетда 11 кишининг ўлими ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган. Айни пайтда ҳудудда вазият барқарор, ижтимоий инфратузилма ва жамоат транспорти кундалик фаолиятини бошлади, дейилади хабарда.

«Уюшган жиноий гуруҳлардан катта миқдордаги қурол ва ўқ-дорилар, „Молотов коктейли“ мусодара қилинди», — дейилади хабарда. Гуруҳнинг бошқа аъзолари қуролларини топшириб, таслим бўлишга чақирилган.

Норозиликлар

Тоғли Бадахшонда 14 май куни аҳоли норозилик билдириб, вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ ҳокими Ризо Назарзоданинг истеъфосини талаб қилди. Шунингдек, улар Хоруғдаги барча назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлаш ва Бадахшон аҳолисига нисбатан таъқибларни тўхтатишни талаб қилишган.

Судлар фаол Амриддин Аловатшоевни 18 йилга, ММА жангчиси Чоршанбе Чоршанбиевни 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилганидан кейин ТБАВдаги вазият янада мураккаблашди.

Расмийлар истеъфога чиқиш масаласини кўриб чиқишдан бош тортдилар, шундан сўнг 16 май куни маҳаллий ёшларнинг катта гуруҳи вилоят ҳокимлиги томон йўл олди. Чиноқ шаҳарчасида уларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кутиб олди. Улар резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишди. Бир неча қурбонлар ҳақида хабар берилди.

17 май куни Тожикистон ИИВ норозилик намойишлари ташкилотчилари экани тахмин қилинаётганлар — Бархороғ кичик туманининг «норасмий лидери» Мамадбокир Мамадбокиров, қидирувдаги мухолифат фаоли Алим Шерзамонов ва мустақил журналист Улфатхоним Мамадшоева эканини айтди.

«Жорий йилнинг 16 май куни соат 18:30 ларда Хоруғ шаҳридаги уюшган жиноий гуруҳ раҳбари Мамадбокиров Мамадбокир бошчилигида ва Мамадшоева Улфатхоним Маъсумовна кўрсатмаси билан ва қидирувда бўлган Алим Шерзамонов Хоруғ шаҳридаги Хороғи боло маҳалласида жамоат хавфсизлигини бузиш, аҳолини қўрқитиш ва қарорлар қабул қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига таъсир кўрсатиш мақсадида, ноқонуний жиноий фаолият билан шуғулланаётган шахслар манфаатларини кўзлаб, ноқонуний митинг уюштирган», дейилади хабарда.

Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, Мамадбокировнинг кўрсатмаси билан Хоруғ шаҳрида яшовчи Замир Назришоев бошчилигидаги «нодон ёшлар» гуруҳи вилоят суди биносида ўз хизмат вазифаларини бажараётган «ИИВнинг ТБАВ ходимларига қуролли ҳужум уюштирган» ва «қўл гранатасини портлатиб юборган».

Маълумотларга кўра, натижада ИИВнинг уч нафар ходими жароҳатланган, Назришоевнинг ўзи эса шифохонада вафот этган.


Фото: «Фергана».

ТБАВ прокуратураси «воқеа ташкилотчилари»га нисбатан жиноий иш қўзғатди. Улфатхоним Мамадшоева «Фергана» нашрига берган интервьюсида айбловни «мутлақо бемаънилик» деб атади.

«Агар мен бирор нарсани ташкил қилганимда, ҳаммадан олдинроқ юрган бўлардим. Мен шундай одамман. Яқинда Помирда эдим, лекин Душанбега келганимга бир ҳафтадан ошди, у ерда бирор нарса бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Аксинча, мен у ерда бўлганимда фуқаролик фаоллиги пасайганини сездим. Ҳаммаси бирданига содир бўлган. Ўйлашимча, бу нарсалар Чоршанбе Чоршанбиевга нисбатан чиқарилган адолатсиз ҳукмдан кейин содир бўлди», — дейди у.

Шу билан бирга, Мамадшоева «Коммерсантъ»га акция ҳақида хабар тарқатаётганини тан олди. «Бир ҳафта олдин мен Душанбега Хоруғдан келгандим, митингдан хабарим йўқ эди. Мен унинг ташкилотчилари кимлигини ҳам билмасдим», деди у. «Ҳа, менинг веб-сайтимда эълоннинг репости бор эди, биз бирлашган халқмиз ва қийин дамларда доимо бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз», — деди у. Бир ҳафта олдин, Мамадшоеванинг сўзларига кўра, Тоғли Бадахшонда «хотиржамлик» ҳукм сурган, бироқ «ҳамма Гулбиддин Зиебеков иши бўйича тергов тугашини кутган».

Шу билан бир қаторда, интернетда Тожикистон Қуролли кучлари вертолёти ҳалокатга учрагани ҳақида маълумот пайдо бўлди. У Афғонистон томонидан отиб ташланганлиги хабар қилинган. Тожикистон Мудофаа вазирлиги ушбу хабарни рад этди.

Оммавий ахборот воситаларига босимлар ҳақида хабарлар

Тоғли Бадахшонда содир бўлаётган воқеалар ҳақида батафсил ва ишончли маълумот олишнинг иложи йўқдек. Айтилишича, минтақада интернет ўчган, Тожикистоннинг энг йирик мустақил нашри «Азия-Плюс» эса ёпилиш таҳдиди туфайли намойишларни ёритишдан бош тортаётганини билдирган.

«Афсуски, биз ёпилиш таҳдиди остида бу воқеаларни тўлиқ ёрита олмаймиз. Аввалроқ „Азия-Плюс“ нашри ТБАВдаги воқеаларни „бир ёқлама“ ёритаётгани ва „мамлакатдаги вазиятни издан чиқараётгани“ ҳақида Бош прокуратура ва бошқа давлат тузилмаларидан норасмий огоҳлантириш олган эди», — дейилади таҳририят хабарида.


Муллоражаб Юсуфзода ва Анушервон Орипов воқеадан кейин, Душанбе, 2022 йил 17 май. Фото: Озоди.

Душанбеда «Озоди» («Озодлик» радиосининг Тожикистон бюроси) ва «Настоящее время» радиоси журналистларига ҳужум уюштирилди. Уларнинг барча хизмат техникалари, иш ва шахсий мобил телефонлари олиб қўйилган.

Озодийнинг ёзишича, воқеа 17 май куни ОАВ мухбирлари Улфатхоним Мамадшоева билан суҳбатдан сўнг содир бўлган.

«Улфатхоним Мамадшоева билан Душанбедаги уйи ёнида гаплашдик. У кетиб, машинага яқинлашганимизда, бизга фуқаролик кийимидаги икки эркак ҳужум қилди. Улар мени ва операторни калтаклашди, хизмат техникаларимиз ва мобил телефонларимизни олиб қўйишди. Улардан бири мени „Муллоражаб, Худога қасамки, сени отиб ташлайман“ деб қўрқита бошлади», — деди Муллоражаб Юсуфзода.

«Настоящее время» мухбири Анушервон Арипов воқеа фаол Улфатхоним Мамадшоева билан суҳбатни ёзиб олишдан кейин содир бўлганини тасдиқлади.

«Журналистлар машинага ўтиришган вақтда оқ рангли хорижий автомобиль уларнинг йўлини тўсиб қўйди. Спортчи кўринишдаги ёшлар машинадан югуриб чиқиб, автомобилнинг очиқ ойналари орқали журналистларнинг қўл телефонларини тортиб олишди. Шундан сўнг улар мухбирларни ташқарига судраб олиб, юкхонани очишга мажбурлаб, барча техникаларни олиб кетишди ва қисқа суҳбатдан кейин жўнаб кетишди», — деди у.

«Фергана» нашри чоршанба куни Улфатхоним Мамадшоева ва унинг турмуш ўртоғи, асли келиб чиқиши ТБАВлик бўлган, Чегара қўшинлари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси генерали Холбаш Холбашев ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.