Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Хоруғ шаҳрида 14 май куни бир неча юзлаб аҳоли норозилик намойиши ўтказиб, вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ ҳокими Ризо Назарзоданинг истеъфосини талаб қилди. Шунингдек, улар Хоруғдаги барча назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлаш ва Бадахшон аҳолисига нисбатан таъқибларни тўхтатишни талаб қилишган.

Бундан ташқари, намойишчилар Гулбиддин Зиёбеков (у 2021 йилнинг ноябрида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида ўлдирилган) ўлимида айбдорларни жавобгарликка тортишни, Амриддин Аловатшоев, Чоршанбе Чоршанбиев ва бошқа ноябрдаги намойишлардан кейин ҳибсга олинган вилоят аҳолисини озод қилишни талаб қилишди. Намойишчилар, агар талаблари бажарилмаса, яна норозилик йиғилишларига чиқишини айтишган.

Вилоят прокуратураси митинг ташкилотчиларига нисбатан террорчилик иши қўзғатишини айтиб, таҳдид қилган, дея хабар беради «Бомдод» нашри вилоят прокурори Парвиз Орифзоднинг маҳаллий телевидениедаги чиқишига таяниб. Департамент вакили бу митингни «Бархоруғ» (Юқори Хоруғ) микрорайонининг «норасмий раҳбари» Мамадбокир Мамадбокиров, Муҳиддин Кабирий ва Алим Шерзамоновлар томонидан мамлакат хавфсизлигига путур етказиш мақсадида уюштирилган «ноқонуний акция» деб атади.

Прокуратура расмийлар бу ҳаракатларни терроризм деб билишини ва уларга тегишли жавоб беришини айтди. Орифзоданинг қайд этишича, Мамадбокиров ва унинг тарафдорлари янги норозилик намойишларини уюштиришга ҳаракат қилсалар, расмийлар террорчилик ҳаракати сифатида бу уринишларни қаттиқ бостиришади.

Судлар Амриддин Аловатшоевни 18 йилга, ММА жангчиси Чоршанбе Чоршанбиевни эса 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилганидан кейин Тоғли Бадахшондаги вазият сўнгги кунларда ёмонлашди.

Расмийлар истеъфога чиқиш масаласини кўриб чиқишдан бош тортдилар, шу сабабли 16 май куни маҳаллий ёшларнинг катта гуруҳи вилоят ҳокимлиги томон йўл олди. Чиноқ шаҳри яқинида уларни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кутиб олди, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг ҳуқуқ-тартибот ходимлари намойишчиларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Бир неча жабрланганлар борлиги ҳақида хабар берилган.