Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари (МЭТ) ва Афғонистон Миллий электр компанияси Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича шартномани имзолади, деб хабар берди DABS.

Ҳужжатга кўра, Афғонистонга йил давомида 100 млн долларлик 2 млрд кВт соат электр энергияси етказилади.

Шартнома икки кунлик музокаралардан сўнг, Ўзбекистон МЭТ раиси Дадажон Исақулов ва DABS бош ижрочи директори Ҳафиз Муҳаммад Амин томонидан имзоланди.

Келишувга DABS раҳбарияти делегацияси ва Афғонистон муваққат ҳукумати вакилларининг Тошкентга ташрифи натижасида эришилди. Аввалроқ хабар қилинганидек, томонлар «500 кВли Сурхон-Пули-Хумри» инвестиция лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилиш жараёнларини қайта тиклашганди.

Афғонистон номидан делегация Ўзбекистон билан тўхтаб қолган лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга ваъда бериб, уларни амалга оширишда хавфсизликни таъминлашга тайёр эканини билдирди, дейилади DABS хабарида.

Октябрь ойида Афғонистон энергетика компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга электр энергияси учун 51 млн доллардан ортиқ қарзи борлиги хабар қилинган эди. Бироқ Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқовнинг сўзларига кўра, Афғонистон муваққат ҳукумати электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ қоплаш мажбуриятини олган ва Ўзбекистон «бир соат ҳам» Кобулга электр энергияси етказиб беришни тўхтатмаган.