12 май куни, коронавирус пандемияси бошланганидан бери биринчи марта Шимолий Корея мамлакатда омикрон штамми билан касалланиш ҳолатлари тасдиқланганини расман эълон қилди. Шаҳарларда инфекция тарқалишининг олдини олиш учун карантин жорий этилди ва чегара назорати кучайтирилди.

17 май кечки пайт 24 миллион аҳолига эга мамлакатда аниқланган ҳолатлар сони 1,72 миллиондан ошиши мумкинлиги маълум бўлди, деб хабар бермоқда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги. Шундан 1,02 миллион киши тузалган, 691 мингдан ортиғи даволанмоқда. Ҳалок бўлганлар сони 60 нафардан ошган.

The Korea Times газетасининг ёзишича, Пхенян ҳукумати мамлакат бўйлаб зудлик дорихоналарни, шу жумладан, энг чекка ҳудудлардаги дорихоналарни дори воситалари билан таъминлашни барқарорлаштириш учун ҳарбийларни сафарбар қилган. Бу ҳақдаги буйруқни аввалроқ мамлакат раҳбари Ким Чен Ин берган эди. У расмийларни фавқулодда вазиятга тайёр эмаслиги учун танқид қилди.

Фармацевтика корхоналари дори воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтирди. Шунингдек, иситма каби ковид белгилари бўлган одамларни текшириш ва даволаш жараёнига 11 мингга яқин амалдорлар, тиббиёт институтларининг ўқитувчилари ва талабалари жалб этилган.

Жанубий Корея ОАВларининг ёзишича, Корея Республика ўз қўшнисига дори-дармон ва тиббий буюмлар кўринишидаги ёрдамни таклиф қилган, бироқ ушбу таклифларга бир неча кундан буён жавоб олмаган. Хитой ҳам худди шундай ёрдамни таклиф қилди, АҚШ эса Шимолий Кореяга ёрдам бериш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини айтди. Илгари мамлакат COVAX глобал дастури бўйича таклиф этилаётган коронавирусга қарши вакциналарни олишдан бош тортганди.