Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги 12 май куни Шимолий Кореяда омикрон штамми келтириб чиқарадиган биринчи коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берди. Бу 2020 йилда пандемия бошланганидан бери КХДРда коронавирус аниқлангани ҳақида чиққан биринчи хабар бўлди.

Мамлакат раҳбари Ким Чен Ин «энг жиддий фавқулодда вазият»ни муҳокама қилиш учун Сиёсий бюро йиғилишини ўтказди, у барча шаҳарларда қаттиқ локдаунлар жорий этишни ва вирус тарқалишининг олдини олиш учун чегара назоратини кучайтиришни буюрди.

КХДР Марказий ахборот агентлигига таяниб, маълум қилинишича, мамлакат расмийлари Пхеньянда иситма белгилари бўлган беморларда лаборатория текширувлари ўтказган ва омикрон штамми вариантларидан бирини аниқлаган.

Жанубий Корея ҳукумати Шимолий Корея раҳбариятига коронавирус инфекциясига қарши курашда гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди, деб ёзади Reuters.