17 март куни Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 3 фоизга ошириб, йиллик 17 фоиз этиб белгилади. Регулятор шокларни юмшатиш, миллий валюта алмашув курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш, шунингдек, муддатли депозитлар бўйича реал фоиз ставкаларини (1 йилгача) ошириш орқали сўмдаги активлар даромадлилигини ошириш мақсадида пул-кредит шартларини қаттиқлаштирди.

Марказий банк асосий ставкаси март ойида 17 фоизга оширилганидан сўнг жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича фоиз ставкалари 20,9 фоизгача (+0,5 фоиз банд), юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 16,2 фоизгача (+0,7 фоиз банд) ошди.

Шу билан бирга, депозитлар бўйича фоизларнинг ошиши билан миллий валютадагаи кредитларнинг ҳам ставкалари ошиши кутилган эди. Аҳоли учун кредит 0,5 фоизга — 21,8 фоизгача қимматлашган бўлса, компаниялар учун 1,1 фоизга — 20,2 фоизгача арзонлашди.

«Газета.uz» сўровига кўра, Марказий банк март ойида кредитлар бўйича фоиз ставкалар депозитлар бўйича шаклланган фоизлар, банклар томонидан мижозга нисбатан ўрнатиладиган риск учун мукофот, банкларнинг кутилмалари ва бошқа операцион харажатлари билан бир қаторда пул-кредит шароитлари таъсирида шаклланганини маълум қилди.

Тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкалари февраль ойидагига нисбатан 1,1 фоиз бандга пасайиши кузатилди. Мазкур ҳолат тадбиркорлик субъекларига ажратилган кредитлар бўйича шартномаларнинг қарийб 80 фоизи Марказий банк асосий ставкаси ўзгаргунга қадар имзоланганлиги билан изоҳланади, дейилади хабарда.

«Жорий йилнинг март ойида тижорат банклари томонидан миллий валютада жами 11,1 трлн сўм, шундан тадбиркорлик субъектларига 4,2 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Марказий банк асосий ставкасининг ўзгариши таъсири иқтисодиётдаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларига маълум муддат кечикиш билан таъсир этади», — дейилади регулятор хабарида.

Асосий ставка нима ва у бизнинг ҳаётимизга қандай таъсир кўрсатади?

Марказий банкнинг асосий ставкаси — МБ томонидан тижорат банкларига кредитлар беришнинг минимал фоизи ҳисобланади. Банклар МБдан кредит олиб, компанияларга, чакана истеъмолчиларга ва бошқа банкларга ўзларининг фоиз ставкалари бўйича кредитлар беришади, бу Марказий банк ставкасидан бир оз юқори бўлади.

Асосий ставка пул-кредит сиёсатининг асосий қуроли бўлиб, унинг ёрдамида Марказий банк сўмнинг курсини назорат қилиши ва мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатиши мумкин.

Паст ставка пул арзонлигини англатади. Натижада корхоналар ва аҳолининг кредит олиш фаоллиги, тадбиркорлик, шу билан бирга иқтисодиёт ҳам ривожланади. Бундай сиёсатнинг салбий таъсири инфляциянинг ошиши бўлиши мумкин — пул арзон, шунинг учун у бозорда жуда кўп. Асосий ставка паст бўлганда чайқовчиликнинг жозибадорлиги ошади, шунинг учун банклар хорижий валютани фаол равишда сотиб олишади. Бу бозорда тобора кўпайиб бораётган сўмнинг қадрсизланишига олиб келади. Бунга жавобан Марказий банк ҳам ставкаларни ошириши мумкин. Шунда валюта савдоси камроқ фойда келтиришни бошлайди, чайқовчилар бозордан сўм сотиб олади ва курс барқарорлашади.

Агар иқтисодиётда инфляциянинг сезиларли тезлашиши кузатилса ва Марказий банк асосий ставкани оширса, пул жалб қилиш харажатлари ошиши сабабли банклар кредитлар ва депозитлар бўйича фоиз ставкаларини ошириши мумкин. Бироқ, шу билан бирга, юқори ставка ҳам салбий оқибатларга олиб келади: аҳолининг харид қобилияти ва иқтисодий ривожланиш суръатлари пасаяди.

Инфляциянинг пасайиши ва шунга мос равишда асосий ставканинг пасайиши билан банклараро ва халқаро банклараро бозорда пул маблағларини жалб қилиш арзонлашади ва шунга мос равишда улар нисбатан паст фоиз ставкаларида кредитлар беради, уй хўжаликлари ва корхоналар учун молиявий ресурслар арзонлашади.

Мижозлар билан шартномалар тузишда Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳам қўлланилиши мумкин. Бундай ҳолларда кредит бўйича фоиз ставкаси асосий ставкага «боғланади» ва кредит бўйича фоизларни тўлаш миқдори асосий ставка даражасига қараб ўзгаради. Янги шартномалар учун фоиз ставкаси юқорироқ, эскилари учун бу шартнома шартларига боғлиқ бўлади

Президентнинг 8 апрелдаги қарори билан асосий ставка оширилгани таъсирини юмшатиш мақсадида ипотека дастурлари ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкалари йил охиригача ўзгаришсиз қолади.

Шуни таъкидлаш керакки, фоиз ставкаларининг пасайиши банк бозоридаги рақобатга ҳам жуда боғлиқ.

21 апрель куни Марказий банк асосий ставкани 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолишга қарор қилди. Асосий савдо-ҳамкор давлатларда иқтисодий вазият шу жумладан, валюта курсларининг маълум даражада мувозанатлашуви кузатилаётганига қарамасдан, барча макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўрта муддатли истиқболда ноаниқлик ва хатарлар даражаси юқорилигича сақланиб қолмоқда, дея қайд этди регулятор. Марказий банк инфляция, пул ўтказмалари ва ЯИМ ўсиши бўйича прогнозларини ёмонлаштирди.