Оролбўйи ҳудудига бир марта келган одам табиатнинг қадрига етишни ўрганади. Бу ҳақда 7 май куни Туризм ва маданий мерос вазирлиги қўллаб-қувватлови билан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида бўлиб ўтаётган «Стихия» мусиқий фестивали доирасидаги форумда гапирилди.

Мўйноқда ўрнатилган инсталляция. Унга маълум бир ракурсдан қаралганда ҳозирги саҳро ўрнида денгиз бордек кўринади.

Унда маҳаллий туроператор Дилфуза Кутлимуротова Орол ҳудудининг аҳамияти ва туристларни жалб қилиш масалаласи юзасидан фикр билдирди.

«Тошкентда яшаётган одамлар катта-катта дарахтларни кесишаяпти. Мўйноқда бўлса оддий бир баргнинг ҳам қадри баланд, ҳаттоки болалар тегинмайди. Биз уни қадрини биламиз», — дея таъкидлади у.


Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача туристлар фақат флора, фауна, кемаларни кўриш учунгина Мўйноққа ташриф буюради.

«Бироқ, биз келгусида агротуризмни ривожлантирмоқчимиз. Биз бу ерда эксперимент тариқасида кунжут, помидор, бодринг, павловния экдик. Натижаси эса жуда зўр бўлди, бу аҳолига ҳам фойда. Мен ўзим туристларга кунжутдан келисоп ёрдамида талқон қилиш бўйича мастер класс ўтаман. Бу эса гастрономик мастер класс ҳисобланади ва бу билан ўзимизни миллий қадриятларимизни кўрсатамиз», — деди Дилфуза Кутлимуротова.

Таъкидланишича, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун сўнгги йилларда яратилган шароитларни бошқа туманлар билан солиштирганда Мўйноқ биринчи ўринда туради. Жумладан, электр энергия, газ, сув, йўл инфратузилмаси йил сайин яхшиланиб бормоқда.


«Туристик салоҳият жиҳатдан бошқа туманлар ҳам қолишмайди. Қаердадир ҳунармандчилик ривожланган бўлса, Қораўзак туманида ҳам кемалар бор. Биламизки, Мўйноқ Ўзбекистоннинг шимолидаги энг чекка ҳудуд ҳисобланади. Қачонлардир мансабдорлар бу ерларни ёпиш масаласини ҳам ўртага ташлашган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қачонлардир Мўйноқ кўп миллатли ҳудуд бўлган: руслар, венгерлар, поляклар ва бошқа миллат вакиллари бу ҳудудларда яшаган. 1990 йилларга келиб эса Орол қуриши ортидан бу ерда яшаганлар бошқа жойларга кўчиб кетган. Фақатгина 10 минг одам шу ҳудудда яшашда давом этган.

«Мўйноқ тўлиқ вайрон бўлиб кетган, инфратузилмаси эса умуман бўлмаган. Лекин мен айтишим мумкинки, президент Шавкат Мирзиёев ҳам биринчи ислоҳотини Мўйноқдан бошлади. Ҳозирги кунда туманда 33 минг аҳоли истиқомат қилади. 2017 йилда қурилишлар, инфратузилма яратила бошлагач аҳоли сони ҳам ошиб борди», — деди туроператор.


Дилфуза Кутлимуротованинг қайд этишича, ҳозирги мавжуд инфратузилмани 2000 йиллар билан солиштирганда жуда катта ишлар қилинганини сезиш мумкин.

«2000 ва 2017 йиллар билан солиштирганда бугунги кундаги инфратузилма биз учун жуда катта аҳамиятга эга. Мўйноқни Самарқанд, Хива ёки бошқа ҳудудлар билан солиштириб бўлмайди. Чунки бу ерда ўз вақтида ичимлик суви ҳам муаммо бўлган. Унгача ҳатто ичимлик суви сув ташувчи юк машинасида олиб келиниб, ҳар бир хонадонга иккита челакдан бериларди. Иккита челак ичимлик суви кимга етади? Ҳозир эса, Аллоҳга шукур, бизда водопровод бор», — дея таъкидлади у.

Ҳаттоки кўчаларни ёритиш учун чироқлар йўқ эди, буларнинг ҳаммаси ҳар йили секин-аста тўғриланмоқда. Ҳар йили туристлар оқими ҳам ошиб бормоқда, турли меҳмонхоналар, меҳмон уйлари бунёд этилаяпти, туристик хизматлар сони кўпайяпти, деди у.