Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

«Томонлар турли соҳаларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, янги мазмун билан бойигани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада жадаллаштириш бўйича чораларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Бўлажак тадбирлар жадвали, кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

ТИВ илиқ ва дўстона руҳда ўтган суҳбат якунида мунтазам алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Ўз навбатида, Қирғизистон ТИВ суҳбатдошлар 5 май куни ўзбек чегарачилари томонидан қурол қўллангани, натижада Қирғизистоннинг уч фуқароси ҳалок бўлган чегарадаги ҳодисани муҳокама қилганини қайд этди.

«Томонлар чегара ҳудудида салбий оқибатларга йўл қўймаслик, шунингдек, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича ишларни давом эттириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини таъкидладилар», — дейилади Қирғизистон томони хабарида.

Бундан ташқари, ташқи ишлар идоралари раҳбарлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифини ташкил этиш, шунингдек, унинг 26−27 май кунлари Бишкекда Евроосиё иқтисодий форуми ялпи мажлиси ва Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги иштирокини муҳокама қилдилар.