Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити байрами билан табриклади.

«Қалбларимиз қувончга ва эзгу ниятларга тўлган ушбу саодатли ва мунаввар дамларда аввало шундай табаррук кунларга етказгани, байрамни тинч ва осуда муҳитда, оиламиз, эл-юртимиз билан ҳамжиҳатликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз», — дейилади табрикда.

«Дунё аҳлини ўзаро дўст ва биродар бўлиб, тотувлик ва ҳамкорликда яшашга даъват этадиган Рамазон ҳайити инсон қадрини улуғлашнинг ёрқин намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ҳеч шубҳасиз, биз инсон қадрини унинг диний соҳадаги ҳуқуқ ва манфаатлари билан узвий боғлиқ ҳолда кўрамиз. Шунинг учун сўнгги йилларда мамлакатимизда диний қадриятларимизни тиклаш, бебаҳо илмий-маънавий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«Ҳозирги пайтда дунёдаги вазият қандай шиддат билан ўзгариб бораётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Айрим минтақалардаги можаролар тез аланга олиб, тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид туғдирмоқда. Буларнинг барчаси олдимизга муҳим вазифаларни қўйиб, доимо ҳушёр ва огоҳ, замон билан ҳамнафас бўлиб яшашни тақозо этмоқда», — деди президент.

«Муқаддас динимиз ҳам чин мусулмон одам ҳар қандай синов ва муаммога ҳамиша тайёр туриши зарурлигини, пок ният, эзгу амаллар билан яшайдиган бандаларга албатта юксак ажру мукофотлар ато этилишини уқтириб келади. Шу маънода, юртимизда барқарорликни таъминлаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қадимий ва ўлмас қадриятларга таянган ҳолда тараққиёт сари жадал одимлаш — давр талабидир. Ана шундай аниқ мақсадларни кўзлаб, доимо олдинга интилган тақдирдагина биз бугун — кечагидан, эртага — бугунгидан кўра катта ютуқларга эришмоғимиз, обод ва фаровон ҳаёт кечирмоғимиз мумкин бўлади», — деди у.

Шавкат Мирзиёев ёшларнинг қалби ва онгида ана шу муҳим фазилатларни уйғунлаштириб, уларни жаҳон майдонида рақобатбардош етук авлод этиб тарбиялашга чақирди.

«Ҳеч қачон унутмайлик, дунёдаги ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган энг катта бойлик бу — билим ва тарбиядир», — деди у.

Давлат раҳбари ўз табриги якунида Рамазон ҳайити муносабати билан мамлакатда дам олиш кунлари эълон қилинга мўътабар ота-оналарни зиёрат қилиш, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, яқинлар билан дийдор кўришиш учун яхши имконият эканини таъкидлаб ўтди.