27 апрель куни президентнинг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори [225-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Қарор билан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 12 ой муддатга, 11 ойлик имтиёзли давр билан 300 млрд сўм бюджет ссудаси йиллик 10 фоиз ставкада ажратилди. Бюджет ссудаси ҳисобидан:

  • қишлоқ хўжалиги корхоналарига — мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун моддий-техник ресурслар, уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш учун;
  • қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга, «Агросервис оператор» ДУКга — экинларни харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш учун йиллик 14 фоизда қарз берилади.

«Агросервис оператор» ДУК томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан уруғлик ва кўчат етказиб бериш, қарз шартномаси асосида қишлоқ хўжалиги экинларининг вегетация давридан ортиқ бўлмаган муддатга йиллик 14 фоизда амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи, қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга қарз маблағлари уларни қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича суғурта полиси тақдим этилганидан сўнг ажратилади.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимларига икки ҳафта муддатда:

  • ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини, ўғит ва ўсимликлар ҳимояси воситаларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш ҳамда экинларни ер майдонларида «бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида жойлаштириш;
  • Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш топширилди.

Шунингдек, мазкур қарор билан президентнинг 2021 йил 15 декабрдаги ПҚ-52-сонли қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида жалб қилинган Жаҳон банкининг 65 млн долларлик маблағлари ҳисобидан маҳсулотларни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш бўйича кичик агрологистика марказларини «Агросервис оператор» ДУК томонидан қуриб, истисно тариқасида тижорат банки иштирокисиз 10 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан қишлоқ хўжалиги корхоналарига сотишга рухсат берилди.