Ўзбекистон президенти 26 апрель куни «Республикада гўшт, жун ва сут йўналишидаги майда шохли молларни кўпайтириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қарорга кўра, ипак қурти уруғи, тут кўчатлари ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар, қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ва қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун кўзда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Ҳужжат билан қоракўлчилик тармоғини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ҳам назарда тутилган. Ушбу кредитлар бўйича ставка Марказий банкнинг асосий ставкасига 4 фоизлик банк маржасини (ҳозирда 17 фоиз) қўшиш йўли билан ҳисоблаб чиқилади. Улар қуйидаги шартлар асосида тақдим этилади:

  • тадбиркорларга хориждан гўшт, жун ва сут йўналишидаги қўй ва эчкилар харид қилиш учун — 5 йил муддатгача, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан;
  • тадбиркорларга уларнинг озуқа цехлари (гранулятор)ни, гўшт, жун ва сут маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳаларини молиялаштириш учун — 10 йил муддатгача, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан;
  • хўжалик юритувчи субъектларга яйловларда чорва молларининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун сув чиқариш (қудуқлар бурғилаш ёки мукаммал таъмирлаш) ва сув иншоотига ресурс тежамкор ускуналар ўрнатиш учун — 5 йил муддатгача, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан.

Эслатиб ўтамиз, 1 январдан ҳўл пилла ҳосилининг 1 кг учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда пилла етиштирувчиларга субсидия ажратилиши айтилганди.

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб ипакчилик ташкилотлари томчилатиб суғориш тизимини жорий этгани учун субсидия бериб борилади.