«Андижон полкаси» рақсини ЮНЕСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш таклиф қилинди. Бу ҳақдаги ташаббус президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича видеоселекторда илгари сурилди.

«Бу йил „Андижон полкаси“ — ўзбек халқ чолғу куйи ва рақсининг 100 йиллиги кенг нишонланади. Бу рақс нафақат андижонликларнинг, балки кўпмиллатли Ўзбекистоннинг энг севимли ва жўшқин рақсларидан бири ҳисобланади», — деб ёзди блогер Азиза Қурбонова ўзининг «Микрофон кўтарган аёл» Telegram-каналида

Унинг сўзларига кўра, видеоселекторда «Андижон полкаси» ҳар жиҳатдан жаҳон маданий мероси деб аташга лойиқ эканлиги, уни ЮНЕСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш бўйича таклиф бериш ташаббуси ўртага ташланган. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов топшириғига асосан вилоятда «Андижон полкаси» ойлиги эълон қилингани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ҳокими ойда ўзини ҳақиқий андижонликман деб билганларни бутун жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни Андижон полкаси рақсига тушишни одат тусига киритишга чақирди.