Шуҳрат Абдураҳмонов топшириғига асосан «Андижон полкаси» куйи яратилганининг 100 йиллиги ҳамда шу номдаги халқ рақс ансамбли ташкил этилганини 65 йиллиги муносабати билан вилоятда «Андижон полкаси» ойлиги эълон қилинди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу топшириқлар акс этган хабарномани ҳокимлик маъсул ходими «Газета.uz»га тасдиқлади.

Хабарномада ёзилишича, «Андижон полкаси» куйи яратилганлигининг 100 йиллиги ҳамда «Андижон полкаси» халқ рақс ансамбли ташкил этилганининг 65 йиллигини нишонлаш мақсадида бугундан бошлаб, ўзини ҳақиқий андижонликман деб билганлар бутун жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни Андижон полкаси рақсига тушишни одат тусига киритишлари бўйича вилоятда «Андижон полкаси» ойлиги эълон қилинди.

«Бундан ташқари шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётган барча жамоат транспортларида, савдо дўконларида, бозорларда, меҳмонхоналарда, авто ва темир йўл вокзалларида ва бошқа одамлар гавжум бўлган барча ҳудудларда турли челленжлар ва флешмоблар ташкил қилиш орқали оммалаштириш зарурлиги белгиланди», — дейилади хабарномада.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати


Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Жалақудуқ туман 1-ИДУМ ходимларининг эрталабки ритмик гимнастика машғулотлари видеоси тарқалган эди. Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирар экан, «соғлом турмуш тарзи фасл ва жой танламаслиги»ни таъкидлаган.