Жорий ўқув йили якунида 5−6−7−8 ҳамда 10-синфларнинг босқичли имтиҳонлари бўлмайди. Бу ҳақда ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамова АОКАда ўтказилган брифингда маълумот берди.

Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ва мактаб-интернатларида босқичли имтиҳонлар уларнинг ички низомларига мувофиқ ихтисослашув фанлари доирасида амалга оширилади.

Қайд этилишича, умумтаълим муассасаларида ўқув машғулотлари 25 май куни тугайди ва 9- ва 11-синф ўқувчиларини якуний назорат имтиҳонлари 26 майдан 15 июнга қадар ўтказилади. Бироқ байрам муносабати билан қўшимча дам олиш кунларини инобатга олган ҳолда 9-синф ўқувчилари учун «Жисмоний тарбия» фанидан якуний назорат имтиҳонлари 2−7 майдан 11−14 май кунларига кўчирилди.

Маълумот учун, 9-синф битирувчилари она тили ва адабиёт, ўзбек тили/рус тили, математика, тарих, жисмоний тарбия ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича; 11-синф битирувчилари эса она тили ва адабиёт, математика, чет тили, тарих ва ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича якуний назорат имтиҳонларини топширади.

Вариатив ўқув режалари жорий этилган синф ўқувчилари ҳам танлов фанларидан бирини якуний давлат имтиҳони ўтказилишидан бир ой олдин ариза асосида танлайди.

ДТМ томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат сертификатга эга ҳамда чет тили фани бўйича В1 ва ундан юқори В2, С1, С2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчилар тегишли фандан ҳамда чет тили фани бўйича имтиҳондан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, бу йил мактабни 390 мингдан ортиқ ўқувчилар битиради.