Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишлар сони ортиб бормоқда. Буни Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев 20 апрель куни Тошкентда ўтган ШҲТга аъзо давлатларнинг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича ваколатли органлари раҳбарларининг йиғилишида маълум қилди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

«Афғонистондан Шимолий йўналиш орқали гиёҳванд моддалар савдосининг ҳажми ошмоқда. Айниқса, минтақа мамлакатлари билан фаол интеграция жараёнлари фонида уларнинг ҳудудлари орқали асосий гиёҳванд моддаларнинг оқими ортмоқда. Хусусан, Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишлар кўпайган», — деди Олим Нарзуллаев.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Ўзбекистон божхона ва чегарачилари «Ойбек» чегара постида Тожикистондан Россияга транзит йўлда пахта олиб кетаётган юк машинасини қўлга олган эди. Унинг ичидан 230 кг героин топилди. Март ойида Сурхондарё вилоятидаги «Айритом» чегара божхона постида умумий оғирлиги 154 кгдан ортиқ картошка шаклидаги гашиш гиёҳвандлик моддасини ўрамларда олиб ўтишга уринишнинг олди олинди.

2021 йилда 2020 йилга нисбатан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар 18,4 фоизга кўп — бунда 7142 та ҳолат аниқланган. Мусодара қилинган наркотик моддалар ҳажми 1,86 тоннани ташкил этиб, бу 2020 йилга нисбатан 20,9 фоизга кўп.

Апрель ойи бошида «Толибон» бутун Афғонистонда фермерларга кўкнори етиштиришни тақиқлаган эди. Агар уни етиштирганлар аниқланса, қоидабузарлар шариат қонунларига мувофиқ жазоланиши мумкин. Ўзбекистон мазкур тақиқни олқишлади ва бу ҳаракатни қўллаб-қувватлади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ МАТТ) Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев йиғилишда «Толибон»нинг бу қарорига изоҳ берди.

«Бизнинг фикримизча, шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда ҳам Толибоннинг Афғонистонда кўкнори етиштиришга тақиқ жорий этилгани ҳақидаги баёнотлари аллақачон эҳтиёткор оптимизмни келтириб чиқармоқда», — деди у.

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Афғонистоннинг наркотик жинояти каби кенг кўламли таҳдид билан мустақил кураша олмайдиган янги ҳокимиятга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Руслан Мирзаев, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ҳозирда наркотиклар тажовуз объекти ва айни пайтда халқаро террорчилик гуруҳлари нишонига айланганини келтириб ўтди.

«Иккала таҳдид ҳам битта трамплиндан, умумий манбадан келиб чиқади — кўп йиллар давомида героин етиштириш, ишлаб чиқариш ва сотиш Афғонистонда фаолият юритаётган террористик гуруҳлар даромадининг асосий қисмини таъминлаб келган», деб тушунтирди ижроия қўмита директори.