«Толибон» ҳаракати 3 апрель куни Афғонистон ҳудуди бўйлаб кўкнори етиштириш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни тақиқлади. Шунингдек, тақиқ барча турдаги гиёҳвандлик воситалари ва уларни ўз ичига олган таблеткалар ёки спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ташиш, сотиш, экспорт ва импорт қилишга тааллуқли. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев «Газета.uz»га берган интервьюсида мазкур қарорнинг Афғонистон сиёсий-ижтимоий ривожланишига таъсири ва толибларнинг қонуний ҳокимияти сифатида халқаро миқёсда эътироф этилиши ҳақида гапирди.

— Исматилла Раимович, Афғонистон янги ҳукуматининг кўкнори етиштиришни тақиқлаши минтақа ҳаётига қандай таъсир қилади?

— Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан афюн кўкнори етиштириш, шунингдек, барча турдаги гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш, сотиш, ташиш ва контрабандага нисбатан эълон қилинган тақиқ мамлакатда ушбу муаммони йўқ қилиш йўлидаги, қолаверса, толибларнинг минтақа мамлакатларининг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига қўшилишдаги муҳим қадамларидан бири бўлди.

Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, БМТ маълумотларига кўра, дунёда афюн ишлаб чиқаришнинг 80 фоиздан ортиғи Афғонистон ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили опий ишлаб чиқаришдан тушган даромад тахминан 1,8 млрддан 2,7 млрд долларга бўлган.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси 2021 йилда Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоизга ўсгани ва 6800 тоннага етганини тасдиқлаганди.

Шубҳасиз, бу улкан рақам, бироқ улар бугунги кунда мамлакатни қамраб олган оғир гуманитар инқирознинг бутун кўринишини акс эттира олмайди.

Менинг фикримча, аксарият афғон деҳқонлари учун кўкнори етиштириш омон қолишнинг ягона йўли ва ўз оилаларини боқишнинг усули эканлигини тушуниш лозим. Бироқ, бу қардош мамлакатда 40 йилдан ортиқ давом этган уруш туфайли сунъий равишда яратилган мажбурий чора эди.

Ишонамизки, Афғонистоннинг янги раҳбариятининг жуда муҳим қарори нафақат уларнинг виждонли ва масъулиятли хатти-ҳаракатларининг аниқ тасдиғи, балки яқин келажакда ўз мамлакатини жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли ва масъулиятли аъзосига айлантириш истаги ҳамдир.

— Ўзбек томони Толибон билан музокараларда Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштиришни тақиқлаш таклифлари билан иштирок этганмиди? Умуман, ушбу тақиқ оддий афғон фуқаролари ҳаётига қандай таъсир қилади?

— Таъкидлаш жоиз, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон «Толибон» ҳаракати раҳбарияти, шу жумладан, толибларнинг Қатардаги сиёсий офиси билан яқин ва конструктив алоқа ўрнатди.

Ушбу мулоқотнинг барча босқичларида биз сиёсий ҳарактердаги масалалардан ташқари, гиёҳванд моддалар таҳдидига қарши курашиш масаласини бевосита Афғонистоннинг ўзида ҳал этишга интилдик.

Мен нима учун бу Афғонистоннинг бутун кўп миллатли халқи учун жуда муҳим қарор деяпман?

Энг аввало, бу ниҳоят оддий афғон деҳқонларига кўкнори ўрнига бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ўтиш, ички бозорни улар билан тўлдиришга ва афғонларнинг фаровон яшашига имкон яратади.

Яна бир муҳим тафсилотни таъкидламоқчиман. Афғонлар табиатан тажрибали деҳқонлардир, улар фақат уруш йилларида афюнни фаол етиштира бошлашди, асрлар мобайнида улар мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг барча турларини, шунингдек, гуруҳ, буғдой, картошка, помидор ва бошқаларни етиштириб келишган. Афғон халқининг бугуни ва кежалагини таҳлил қилишда мана шу тарихий ҳақиқатга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Бундан ташқари, Афғонистон муваққат ҳукумати қарори ҳозирги вақтда ҳануз мамлакат ҳудудида бўлиб турган турли террористик гуруҳларни опий сотишдан тушган даромад шаклидаги асосий молиялаштириш манбасидан маҳрум қилади.

Шу тарзда толиблар ўз қарори билан халқаро ҳамжамиятга нафақат мамлакатда гиёҳванд моддалар таҳдидига қарши курашиши, балки улар ўз ҳудудида турли йўналишлардаги халқаро террорчиларнинг келгусида мавжуд бўлишига йўл қўймаслиги ҳақида аниқ ва тушунарли сигнал берди.

Бошқача қилиб айтганда, гап афғон юрти энди ҳеч қачон хорижий террорчилар паноҳига айланмаслиги ҳақида кетмоқда.

Умид қиламизки, Кобул ҳокимиятининг ушбу қарори ортидан афғон қизларининг бевосита 1-синфдан 12-синфгача тўлиқ мактаб таълимини олишлари учун имконият яратиш борасида ҳақиқий қадамлар қўйилади.

Шунингдек, Афғонистоннинг янги ҳукумати ўз зиммасига олган мажбуриятларни, шу жумладан, кенг вакилликка асосланган ҳукуматни шакллантириш, аёллар ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, террористик гуруҳлар билан алоқаларни бутунлай узишни бажариш йўлида қўлидан келган барча ишларни амалга оширишини тахмин қилиш учуy асослар етарли.

Шу кунларда Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқиб, мамлакат ҳудудидан, шу жумладан қўшни давлатларга ҳам таҳдид бўлмаслигини яна бир бор кафолатлади ва минтақа давлатларини чегара хавфсизлигини таъминлаш учун биргаликда ишлашга чақирди.

Ишончим комилки, Афғонистоннинг янги ҳокимиятининг мазкур баёноти нафақат афғон можароси тезроқ ҳал этилишига, балки Толибонни қонуний ҳукумат сифатида халқаро миқёсда тан олиниши мумкинлигига умид беради.

Айтганча, биз бу ҳақда март ойининг охирида Хитойда бўлиб ўтган Афғонистоннинг энг яқин қўшни давлатлари ТИВ раҳбарларининг навбатдаги йиғилишида мулоқот қилгандик.

Ушбу масала юзасидан БМТ муҳим рол ўйнаши лозим бўлган бирлашган консолидацияланган ёндашувни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Қисқа қилиб айтганда, ҳозирги Афғонистон расмийларининг нафақат ўз ватанларига тинчлик олиб кириш, балки Афғонистон ҳеч қачон жаҳон ҳамжамиятида «халқаро терроризм ва гиёҳванд моддалар савдоси ўчоғи» тушунчаси билан ассосация бўлмаслиги учун барча имкониятларни ишга солиш истаги мавжуд. Энди ҳаммаси янги ҳокимият ўз ваъдалари ва қарорларини тўғри бажаришига боғлиқ.