«Толибон» Афғонистонда кўкнори етиштиришни тақиқлади. Бу ҳақда ҳаракат вакили Билол Каримий Афғонистон Ислом Амирлиги олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг буйруғига асосланиб хабар берди.

«Барча афғонлар кўкнори етиштириш қатъий тақиқлангани ҳақида хабардор қилинди», — дейилади буйруқда. Агар ҳосил топилса, у йўқ қилинади, қоидабузарлар шариат қонунлари бўйича жазоланади.

Ҳужжат билан, шунингдек, барча турдаги наркотик моддалар ёки таркибида наркотик модда бўлган таблеткалар, шунингдек алкоголь маҳсулотлари истеъмоли, транспортировкаси, савдо-сотиғи, экспорт ва импорти тақиқланган. Мамлакат ҳудудидаги амалдаги барча наркотик ишлаб чиқариш бўйича лабораториялар тақиқ остига тушган.

Афғонистон кўкнори етиштириш бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. «Толибон» мамлакат ҳокимиятини 2021 йил август ойида эгаллади. Ҳокимиятга келгач, «Толибон» мамлакатни «наркотиклардан холи» қилишга ваъда берди.

Жаҳон банки берган маълумотга кўра, ноқонуний афюн савдоси Афғонистон иқтисодиётида асосий ўринни эгаллашда давом этмоқда. Кўкнори иқтисодиётида 119 минг нафаргача афғон меҳнат қилади ва 2019 йилда ички истеъмол, ишлаб чиқариш ва опиат экспортидан олинган даромад 1,2 млрд доллардан 2,1 млрд долларгача (ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизидан 11 фоизигача) баҳоланди.

БМТнинг наркотиклар бўйича Бошқармасининг Жаҳон ҳисоботига кўра, 2020 йилда кўкнори етиштириладиган майдонлар олдинги йилга нисбатан 24 фоизга ошиб, 295 минг гектарга етган. Бу ўсиш, асосан, Афғонистонда кўкнори етиштиришнинг 37 фоизга, яъни 163 минг гектардан 224 минг гектарга кўпайиши натижасида келиб чиққан.