Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Айритом» чегара божхона пости ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситасининг навбатдаги яширин айланмасини фош қилишди, дея хабар қилди ДБҚ матбуот хизмати «Газета.uz»га.


Қўшни мамлакатдан кириб келган юк автотранспорт воситаси республикада транзит тарзида ҳаракатланиб, Андижон вилоятидаги «Дўстлик» чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетиши керак бўлган. Ҳужжатларга кўра, унга 533 та қопда 22 тоннадан зиёд картошка юкланган.


«Ўрнатилган тартибда ушбу транспорт воситаси постдаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганида, юкларнинг рентген тасвири божхона ходимларини шубҳалантириб қўйди», — дейилади хабарда.


Натижада, автомашинадаги картошка солинган 533 та қопнинг 38 тасига 1305 дона моҳирлик билан тайёрланган картошка шаклидаги ўрамлар — гиёҳвандлик воситалари жойлангани фош бўлди. Ҳар бир ўрамга полиэтилен, нусха кўчиришда фойдаланиладиган қора қоғоз ва герметик скотч ёрдамида ишлов берилган.


Мазкур ўрамлардаги «гашиш» гиёҳвандлик воситасининг умумий оғирлиги 154 кг 90 гр ни ташкил қилди.


Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.