Ўзбекистонда илк бор Нукусда давлат-хусусий шериклик асосидаги диализ маркази фойдаланишга топширилди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

2021 йил январь ойида юқори сифатли диализ хизматларини кўрсатиш йўналишидаги халқаро тендерда Осиёдаги энг йирик ва жадал ривожланаётган «Nephroplus» компанияси ғолиб деб топилган эди.

Компания Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги тўртта диализ клиникасини молиялаштириш, қуриш, жиҳозлаш, ходимларни ўқитиш ва бошқариш ҳамда йилига 1000 нафардан ортиқ беморлар учун 140 000 дан ортиқ сеансларда диализ хизматларини кўрсатиш бўйича вазифаларни зиммасига олди.

Қорақалпоғистон Жокарги Кенеси раиси Мурат Камалов.

Худди шундай диализ марказлари Боғот ва Урганч шаҳарларида май ойида иш бошлаши кутилмоқда. Тошкентда шу йўналишдаги энг йирик клиника эса йил охиригача очилиши режалаштирилган.

Лойиҳа Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) маслаҳат кўмагида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилди. Бу ҳудудларда янги диализ бўлимларини ташкил этиш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш, буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар ўлимини камайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.

ДХШ шартномасига мувофиқ, компания бу марказларда диализ хизматларини ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплаб беради. Жумладан:

  • халқаро талабларга мувофиқ янги диализ марказларини қуриш;
  • энг сўнгги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, барча зарур сарфлов материаллари билан таъминлаш ва тиббиёт ходимларини ишга олиш ҳамда ўқитиш;
  • 10 йил давомида беморларга халқаро стандартларга мувофиқ диализ хизматларини кўрсатиш;
  • диализ учун қон томирларига киришни яратиш учун жарроҳлик операциясини бажариш орқали беморларни диализга тайёрлаш;
  • уй шароитида диализни амалга ошириш имконини берувчи янги перитонеал диализ технологиясини жорий этиш.

Таъкидланишича, янги перитонеал диализ технологияси ҳали Ўзбекистонда мавжуд эмас. У болалар ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган айрим беморларга кўрсатилади ҳамда чекка ҳудудларда яшовчи беморларнинг пул ва вақтини тежашга ёрдам беради.

Лойиҳа ҳудудларда янги диализ бўлимларини ташкил этиш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш, буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар ўлимини камайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш имконини беради.Маълумот учун, «Nephroplus» Осиё минтақасида 240 дан ортиқ клиникага эга ва Ҳиндистон, Индонезия, Филиппин, Непал ҳамда Вьетнамда 17 минг нафардан ортиқ беморларга хизмат кўрсатади.